Репродуктив саломатлик ва оилани режалаштириш имкониятлари кенгаймоқда
ЖССТнинг янги қўлланмасида замонавий ҳимоя ва оилани режалаштириш воситаларини танлаш имкониятлари сезиларли даражада оширилгани, хусусан, аёллар учун қулай муқобил усуллар ҳамда яқин келажакда эркаклар учун ҳам янги маҳсулотлар яратилаётгани маълум қилинди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва оилани режалаштириш борасидаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида тавсия этиладиган хавфсиз ҳамда самарали воситалар рўйхатини янгилади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда дунё бўйлаб 164 миллионга яқин аёл ҳомиладорликни вақтинча тўхтатиб туришни ёки режалаштиришни истаса-да, турли сабабларга кўра зарур воситалардан фойдаланмайди. Бу эса аҳолининг кенг қатламларига репродуктив саломатлик воситаларидан фойдаланиш имкониятини ошириш ва уларнинг турларини кўпайтириш нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Эълон қилинган «ЖССТнинг репродуктив саломатлик ва ҳимоя усуллари танловини кенгайтириш бўйича қўлланмаси» мамлакатларга энг илғор илмий тадқиқотларга асосланган хавфсиз усулларни жорий этишда яқиндан ёрдам беради. Бу фуқароларга ўз саломатлиги ва оилани режалаштириш масалаларида онгли қарор қабул қилиш имконини яратади.
М.Қосимова, ЎзА