Қурилишдаги ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг амалий ифодасидир
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳалар қатори қурилиш тармоғини ҳам тубдан янгилашга хизмат қилмоқда. Навоий вилоятида ҳам ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ва замонавий шаҳарсозлик стандартларини жорий этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, вилоятда қурилиш-пудрат ишлари ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2023 йилда 10,6 триллион сўмлик қурилиш-пудрат ишлари бажарилган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 14,2 триллион сўмга, 2025 йилда эса 16,2 триллион сўмга етган. Жорий йилда эса 18,1 триллион сўмлик режа белгилангани эса ислоҳотлар самараси изчил давом этаётганини англатади.

Бугунги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати – молиялаштириш манбаларининг кенгайганидир. Инвестиция дастурлари, ташаббусли бюджет, маҳаллий бюджет ҳамда халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудудларни ривожлантиришда янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса “давлат – жамият – инвестор” ҳамкорлигининг амалдаги самарали моделини шакллантирмоқда.
– Қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир, – дейди вилоят ҳокимининг қурилиш, тўсиқлaрсиз муҳит ярaтиш, коммуникaциялaр, коммунaл хўжaлик, экология вa кўкaлaмзорлaштириш мaсaлaлaри бўйичa ўринбосaри Акбар Ниёзов. – Таъкидлаш ўринлики, ўтган йилнинг ўзида 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани, 11,5 минг нафардан зиёд аҳолининг ушбу тармоқда бандлиги таъминлангани бунинг яққол исботидир. Ишчиларнинг ўртача иш ҳақи 8-10 миллион сўмни ташкил этаётгани эса аҳоли даромадлари ошиб бораётганини кўрсатади. Жорий йилда эса аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида қарийб 6 минг хонадонли 69 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилмоқда.

Ислоҳотлар натижасида соҳада сифат ва рақобат муҳити ҳам яхшиланмоқда. Бугунги кунда пудрат ташкилотларининг 61 фоизи молиявий жиҳатдан барқарорлашиб, рейтингга киритилган. Бу эса қурилиш ишларининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг замонавий шаҳарсозлик сиёсати Навоий вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиши бугунги ислоҳотларнинг амалий намунасидир. Ушбу лойиҳа доирасида минглаб хонадонлар, таълим, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилиб, аҳоли учун мутлақо янги яшаш муҳити яратилмоқда.

Эътиборли жиҳат шундаки, қурилиш жараёнларида “яшил иқтисодиёт” тамойиллари кенг жорий этилмоқда. Энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш, маҳаллий қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали ҳам иқтисодий, ҳам экологик самарадорликка эришилмоқда. Вилоятда ташкил этилган қурилиш кластерлари 74 турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётгани бу борадаги тизимли ёндашувдан далолат беради.
Шунингдек, ислоҳотлар инфратузилмани модернизация қилишни ҳам қамраб олмоқда. Узоқ йиллар давомида эскирган сув таъминоти, канализация ва иссиқлик тармоқларини янгилашга қаратилган қарорлар аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу каби ишлар нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар учун ҳам барқарор инфратузилма яратишга замин яратади.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ тумани ва Зафаробод қўрғонларида бундан 50-60 йил олдин қурилган 124 км ичимлик сув қувурлари, 204 км канализация тармоқлари, шунингдек, ирригация ва суғориш тизимлари ҳамда иссиқлик тармоқларини 2026-2028 йиллар давомида тўлиқ модернизация қилиш белгилаб берилди.
Ижтимоий соҳада амалга оширилаётган қурилишлар – мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва маданият муассасалари ислоҳотларнинг инсон капиталига қаратилганини кўрсатади. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, жорий йилги давлат дастурлари доирасида 53 та мактаб, 14 та боғча, 22 та тиббиёт, 11 та маданият ва спорт муассасалари ва бошқа кўплаб ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат рақамларда, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда. Замонавий уй-жойлар, ривожланган инфратузилма, янги иш ўринлари буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон ғоясининг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
А. Бўриев, ЎзА