Қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар ўсишини рағбатлантирадиган янги ёндашув жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Кўп тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш айланма маблағни қисқартираётганини билдирган. Энди АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс 15 фоиз бўлади.
– Умуман, энергетика бўйича бошқарув тизимини тубдан ўзгартиряпмиз. Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади, – деди Президентимиз.
Келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар ўсишини рағбатлантирадиган янги ёндашув жорий этилади. Қурилиш қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.
Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда кўзда тутилади. Қурилиш мураккаблигига қараб лойиҳалаш ишларига объект қийматининг 4-7 фоизигача маблағ ажратилади.
Давлатимиз раҳбари учинчи йўналиш сифатида “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифасини белгилади.
– Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор уники, – деди Президент.
ЎзА