Қурилиш соҳаси: амалиёт, муаммо ва ечим
Фарғона вилояти прокуратураси томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда қурилиш соҳасидаги қонунчилик ижросидан келиб чиқиб ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар вилоятда қурилиш ишларини амалга ошириш ва бевосита назоратини ташкил этишда айрим камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, ўрганишларда лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан муаллифлик назорати шартномалари тўлиқ тузилмаганлиги, айрим объектларга техник назоратчилар бириктирилмаганлиги, техник назорат ходимларининг малакасини ошириш чоралари кўрилмаганлиги маълум бўлди. Вилоятда рўйхатга олинган жами 531 та объектнинг давлат секторидаги 6 тасида, хусусий сектордаги 207 тасида лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан муаллифлик назорати шартномалари тузилмасдан қурилишлар амалга оширилаётганлиги аниқланган.

“Қурилишда муаллифлик ва техник назорати тўғрисида”ги низом талаблари асосида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётган объектларнинг 273 тасига, шу жумладан, 268 та хусусий сектор объектларига техник назоратчилар бириктирилмаган. Буюртмачи ташкилотларнинг аксариятида техник назорат ходимлари малака ошириш курсларида махсус тайёргарликдан ўтказилиши, билимлари текширилиши ва тегишли гувоҳнома берилиши каби талаблар бажарилмаган.
Хусусий сектордаги объектлар қурилишига техник назоратчини жалб этиш бўйича мустақил юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш амалиёти тўлиқ шаклланмаган. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳада қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти прокурорининг топшириғи асосида Бағдод тумани “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қурилиш объектлари жойлашган ҳудудда кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда вилоят ҳудудидаги архитектура, қурилиш назорат, лойиҳа ташкилотлари вакиллари, техник назоратчилар, туман-шаҳар прокурорларининг соҳа бўйича ёрдамчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Назорат сифатини ошириш мақсадида вилоят прокуратурасининг таклифи асосида қурилиш объектларида фаолият олиб борувчи муаллифлик назорати ва техник назорат ходимларга махсус иш формаси жорий этилди. Фарғона политехника институти билан ҳамкорликда 40 соатга мўлжалланган “Қурилишда муаллифлик ва техник назорат” ўқув курси дастури ишлаб чиқилиб, соҳа ходимларини малакасини ошириш йўлга қўйилди.
М. Сулаймонов, ЎзА