Қум остида қолган муҳаббат
Мутолаа
Чингиз Айтматов қаламига мансуб машҳур “Асрни қаритган кун” асари ҳақида гап кетганда, кўпчилик Найман она ҳамда унинг манқурт ўғли Жўломоннинг тақдирига бағишланган ҳикоя таъсиридан қалби жунбушга келганини сўзлайди. Ўқувчи сифатида менинг эътиборимни тортган воқеа –бу асар қаҳрамони Эдигей билан Зарифа ўртасидаги севги ҳикояси билан боғлиқ воқеалар. Қизиқ, биз инсонга севги бир марта берилади, деймиз.
ўқ, бу ҳукмни ёзувчи ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўради. Аммо ёзувчининг оила ва никоҳга бўлган собит қарашлари Эдигейнинг қалбидаги ёниқ туйғуларни чўл қумлари остига беркитишга мажбур қилади. Бир пайтлар Эдигей аёли Уккуболани ҳам Зарифадан кучлироқ севса севганки, кам севмаган. Аммо “Севги эскириши мумкинми?” деган савол туғилиши табиий китобхонда. Эдигей бўронли Зарифани севганми ёки унга бўлган ачиниш ҳисси бора-бора муҳаббатга айланганми? Бу ҳақиқатан жумбоқ. Аммо бу жумбоқни Эдигейнинг ўзи ечади.
Яъни унинг Зарифанинг ўғиллари Эрмак ва Довулга бўлган меҳридан ҳам севгиси соф эканини сезиш мумкин. Фақат бир аёлни чинакам севган эркаккина унинг болаларини ҳам яхши кўра олади. Демак, Эдигейнинг Зарифага бўлган севгиси айтишга, ёзишга ва куюнишга, изтироб чекишга арзирли. Эдигей Зарифанинг эри Абутолибни ҳам яхши кўради, ҳурмат қилади унга чин дилдан ёрдам бергиси келади. Бу уринишларнинг барчаси Зарифага бўлган унинг талпинишидан далолат.
Асарни бойитган ва инсонни табиат билан янада яқинроқ мулоқотга ундаган нарса – бу Уккубола ҳомиладорлик вақтида олтин Мекре балиғига бошқоронғу бўлиши. У шу балиқни кўришни, қўлига олиб уни бир марта бўлса ҳам сийпалашни жуда-жуда истайди. Эдигей аёлининг хоҳишини бажариш учун денгизга чиқиб минг машаққат билан олтин мекре балиғини тутиб келади.
“...Уккубола болани кўтаргандек балиқни икки қўллаб кўтариб кўксига босди.
– Сўлқиллаганини-ей! – дея хитоб қилди у балиқнинг барқ уриб турган ички кучини сезган ҳолда.
–Оғирлигини қара-я! Шундоққина денгизнинг ҳиди келиб турибди. Гўзаллигини айтмайсанми! Ма, Эдигей, миннатдорман, жуда миннатдорман. Муродимга етдим. Уни тезроқ сувга қўйиб юбор!...”
Энди эса Эдигейнинг Зарифага, оилали бир аёлга бўлган севгисига қайтсак. Ёзувчи асарда Эдигейни севгиси билан курашишга ва уни енгишни ўзига қўйиб беради. Инсон севгисини енга оладими? Унга қарши кураша оладими? Йўқ, у бунга ожиз. Инсонни фақат бу туйғудан табиат қайтариши мумкинлигига воқеалар ривожи орқали гувоҳ бўласиз. Агар инсон инсонга ёрдам бера олганида Эдигей дўсти ва қўшниси Казангапнинг Зарифадан воз кечиш ҳақидаги маслаҳатларига амал қилган бўларди. Зарифа ҳам Эдигейнинг севгисига бефарқ бўлмайди. Унинг кўнглида ҳам Эдигейга нисбатан муҳаббат уйғонади. Аммо аёл бу туйғуни ўз ҳаётидаги қийинчиликларга алмашади. Яъни болаларини олиб, овулдан узоқ-узоқларга кетиб қолади. Эдигей унинг ортидан бормоқчи, кўнглини Зарифага очмоқчи бўлади. Аммо...
Эдигейни севги изтиробига берилиб, Уккуболани ташлаб кетиш, оиласини пароканда қилиш ҳақидаги ўйларидан унинг Қоранор исмли туяси қутқариб қолади. Ёдингизда бўлса, Казангап Эдигейга Қоранорни бурнига занжир ўтказиб нўхталашни маслаҳат беради. Аммо Эдигей унинг озод яшашини истайди. Йиллар ўтиб, Қоранор Эдигейга бу яхшилигини яхшилик билан қайтаради. Яъни Зарифани севиб, боши айланиб юрган Эдигейнинг бу азобдан қутулишига ёрдам беради. Эдигей қочиб кетган туясини ушлаб олиб, уни қамчиси билан роса савалайди. Қоранор Эдигейни лол қолдириб, уни даштда роса судраб айлантиради. Қоранор Эдигейнинг қўлидан қочиб кетади. Ва бир неча кундан сўнг илиқиб юриб, ҳовуридан тушгач, шалдираган, қоқ суяк бир аҳволда Эдигейнинг ёнига қайтиб келади.
Бу Эдигейнинг Уккубола ва болалари бағрига қайтишига ишора эди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА