Қозонда Ўзбекистон – Татаристон ҳамкорлигининг юқори суръати эътироф этилди
Россия Федерацияси Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган VIII Халқаро истеъмолчилар кооперацияси форуми – “Кооперация ёшлари: тармоқни ривожлантириш учун ресурсларни бирлаштириб” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида ташкил этилган “Келажак ёшлари” шўъба йиғилишида ёшлар сиёсати, таълим ва инновация масалалари муҳокама қилинди. Татаристон Республикаси Ёшлар ишлари вазири Азат Қадиров республикада ёшлар сиёсати изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.
– Бугунги кунда ҳар қандай лойиҳа ёшларнинг бевосита иштирокида амалга оширилади, – дейди мулозим. – Республикада 400 га яқин ёшлар муассасаси фаолият кўрсатади, 250 000 дан зиёд кўнгилли турли ижтимоий ташаббусларда фаол қатнашмоқда. Ёш тадбиркорлар, ёш дипломатлар форумлари ва глобал ёшлар саммитини мунтазам ўтказиб келяпмиз.
Россия Ёшлар ишлари бўйича федерал агентлиги вакили Егор Литвиненко эса Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ёшлар ва болалар” миллий лойиҳаси ҳақида сўз юритди:
– Мазкур лойиҳа ёшлар таклифлари асосида шакллантирилган. Бугун мамлакатда йил давомида фаолият юритадиган 15 таълим маркази, 28 йирик ёшлар форуми ишламоқда.
Татаристон қишлоқ хўжалиги вазири Рустам Гайнуллов ўз сўзида республиканинг Ўзбекистон билан соҳадаги ҳамкорлиги ҳолатига алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил якунида мамлакатимизга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиймати 38,5 миллион долларга етган.
– Жорий йилнинг дастлабки беш ойида экспорт ҳажми 17,5 миллион долларни ташкил қилди, – деди вазир. – Биз Жиззах ва бошқа ҳудудларда инвестиция майдонларини ривожлантиришга ҳисса қўшяпмиз. Ўзбекистон билан мелиорация соҳасида тажриба алмашиш ва экспорт кўламини янада кенгайтириш учун кенг имконият мавжуд.
Бугун якунига етадиган Форум ва “АгроВолга-2026” кўргазмаси давомида кооперация, агросаноат, ёшлар сиёсати, озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик сингари долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА