Қўшма корхонада 600 нафар ишчи ишлайди
Бухоро вилояти Бухоро туманининг Тўдакўл массивида 2023-2026 йиллар давомида Ўзбекистон ва Эрон давлатлари ўзаро ҳамкорлиги ва капитали асосида “Petrochem sepehr” қўшма корхонасини ташкил этишга киришилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу лойиҳанинг умумий қиймати 274 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, мазкур нефт -кимё кластерини ташкил этиш доирасида бу корхонада ўндан ортиқ бизнес лойиҳа асосида мутахассисларни жалб қилган ҳолда кимёвий усулда пентан, гексан, бензол, толуол газлари ёритгичлари, шунингдек, риформат ва изомеризат ароматик углеводородлари, монометиланилин, диметил карбонат, аммоний бикарбонат, каустик сода ва калий сулфати каби жами 13 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш тажрибаси ўзлаштирилади.


Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши эвазига йил давомида 240 миллион АҚШ долларига тенг бўлган нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, шундан 82 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспортга йўналтирилиши, 123 миллион АҚШ долларига тенг импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Иқтисодий жиҳатдан эса, бу ерда йилига 214 миллиард сўмга тенг бўлган бюджет тушумига эришилиши билан бирга, корхонада банд бўладиган 600 нафарга яқин ишчи-мутахассиснинг моддий манфаатдорлиги таъминланади.


“Petrochem sepehr” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонасининг биринчи босқичини жорий йилнинг якунига қадар фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Айни кунда эса корхона сармоядор таъсисчилари томонидан бу ерда қурилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини шай қилиш, қолаверса, хориждан харид қилинган технологиялар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири