Қорақалпоғистонлик қизлар кубок соҳибаси бўлди
Баскетбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида Андижон вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида Қорақалпоғистон жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Нукус темир йўл вокзалида ғолиб жамоа аъзолари ва мураббийлар тантанали кутиб олинди.
Жамоа бош мураббийси Жамийла Баймуратованинг таъкидлашича, қорақалпоғистонлик қизлар Навоий, Наманган, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятининг “ОТМК” жамоаларидан устун келди ва Ўзбекистон кубоги соҳибасига айланди. 2025 йил жамоа учун омадли бошланди ва илк марта ғолиб бўлишга муяссар бўлди. Мусобақа якунида Қорақалпоғистон жамоаси таркибидан 6 нафар ўйинчи мамлакатимиз терма жамоаси йиғинига таклиф қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири