Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Бўзатов тумани “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида фуқаролар ташаббуси билан илгари сурилган муҳим лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида Қурилишчи, Т.Қайипбергенов, Эркин, Бердақ гузари ҳамда Н.Жапақов кўчаларини асфалтлаш таклифи фуқаролар томонидан энг кўп овоз тўплаб, ғолиб деб топилган эди. Аҳолининг фаол иштироки, ҳамжиҳатлиги ва қўллаб-қувватлаши натижасида мазкур лойиҳа бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Белгиланган муддатда олиб борилган қурилиш ишлари сифатли ташкил этилиб, кўчаларга замонавий асфальт қопламаси ётқизилди.
Ушбу лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулай шароит яратиш ҳамда фуқаролар ташаббусларини рўёбга чиқаришда “Ташаббусли бюджет” дастурининг муҳим аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда.
***
Элликқалъа туманида умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида ҳамда уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида “Сен истеъдодлисан” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

“Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман!” шиори остида ташкил этилган танловда ўқувчилар эстрада-вокал, анъанавий ижрочилик ва тасвирий санъат йўналишларида ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этдилар.
Танлов давомида иштирокчилар ўзларининг ижодий қобилияти, санъатга бўлган қизиқиши ва интилишларини намоён этиб, барчада илиқ таассурот қолдирдилар.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланган ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, танловда фаол иштирок этган барча ўқувчиларга ҳам диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Нукусда “Йилнинг энг фаол кутубхоначиси” республика танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг намунали кутубхоначилар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.

Ўта мазмунли ўтган танлов якунида, биринчи ўринни Сирдарё вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг методика-библиография бўлими етакчи кутубхоначиси Дилмурод Мустафоев қўлга киритган бўлса, фахрли иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг кутубхона ишлари бўйича директор ўринбосари Жадра Maўкeшовa эгаллашга муваффақ бўлди.
Танлов якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
***
Шуманай туманида 14–30 ёшли ёшлар ўртасида волейбол, мини футбол, шахмат ва шашка бўйича "Хоразм вилояти ҳокими кубоги" мусобақалари ўтказилди.

Мусобақанинг асосий мақсади — ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Хоразм вилояти Спорт бошқармаси ҳамда Шуманай тумани ҳокимлиги вакиллари иштирок этиб, жараёнларни бевосита кузатиб бордилар.
Ғолиб ва совриндорлар Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири