Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов Тахтакўпир тумани мутасаддилари билан ҳамкорликда “Қараой” овул фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, маҳалла биносида ташкил этилган микролойиҳалар фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг мавжуд муаммолари манзилли ўрганилди ҳамда ҳар бир оилага индивидуал ёндашган ҳолда амалий ечим белгилаб олинди.
Ташриф давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ берилди.
***
Беруний тумани ҳокимлиги, Бизнесни ривожлантириш банки ва Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида меҳнат ҳамда мини технологиялар ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбирда мини техникаларни имтиёзли кредит ва ссуда орқали олиш, фойдаланиш тартиби мутахассислар кўмагида тўлиқ тушунтирилди. Ишсиз аҳоли, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларнинг масалалари ва таклифлари ҳам ўрганилди.
Ярмарка давомида олис овул хотин-қизларини ваучер асосида замонавий тикувчилик ҳунарига ўргатаётган Дилафруз Тангирбергенованинг 2 ойлик курсида ўқиган хотин-қизларга сертификатлар топширилди. Эндиликда ҳудуд аёллари ўз ҳунарига эга бўлиб, иш бошлашлари учун имкониятлар яратилди.
***
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида хотин-қизларнинг шахсий ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириш, замонавий касблар ва янги имкониятлар ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришга қаратилган “Ривожлан” номли хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.

Дастлаб университетнинг профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишлари, талаба-ёшлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати намуналари, шунингдек, миллий ва замонавий кийимлар кўргазмаси иштирокчиларга тақдим этилди. Форумнинг кейинги қисми Маданият саройида талаба-ёшлар ва тадбир меҳмонлари иштирокида очиқ мулоқот билан давом этди.
Унда замонавий таълим, хорижий тилларни ўрганиш, молиявий билим, инвестиция, шахсий ривожланиш, маънавий барқарорлик ва ўз устида ишлашнинг аҳамияти каби мавзуларда фикр ва таклифлар билдирилди. "Ривожлан" форуми хотин-қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, замонавий имкониятлардан самарали фойдаланиши учун ўзига хос мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
***
Халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгаши депутати, “Орзу” фермер хўжалиги раҳбари П.Салиеванинг ташаббуси билан туманда “O‘zLiDeP боғи” ташкил этилди.

Ушбу ташаббус ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги амалий ишларнинг яна бир намунаси бўлди.
Янги ташкил этилган боғда мевали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуднинг яшил майдонларини кенгайтириш, келгусида мўл ҳосил олиш ва янги имкониятлар яратиш мақсад қилинган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири