Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллигига бағишланди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда профессор-ўқитувчилар, тюторлар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари билан бошланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Раджапбай Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси Камал Тарихов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари Тўлқин Нурметов, институт ректори в.в.б. Қувондиқ Қодиров йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги билан муборакбод этди. Сўзга чиққанлар Бош Қомусда белгиланган нормаларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳаси, жумладан, ёшларнинг олий маълумотли бўлиши учун яратилаётган шароит ва имкониятларни қайд этди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, мамлакатимизда Конституция асосида қонун устуворлигини таъминлаш, бунда “Инсон қадри ҳамма нарсадан устун” тамойилига амал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларнинг аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, конституция – ҳар бир давлатнинг тарихи, бугуни ва келажаги, халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирувчи бош қомус ҳисобланади. Муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 121 моддадан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси 1993 йил 9 апрель куни ХII чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Советининг ўн иккинчи сессиясида қабул қилинди.

Конституция амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва уларнинг қонунчилик асосларини яратишнинг бош ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси кафолатидир. Унда барча нормалар энг аввало инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаган ҳолда, инсон – жамият – давлат тамойили асосида ишлаб чиқилган.
Тантанали тадбир “Тўмарис” халқ ансамбли ва истеъдодли ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.