Қўқонда халқаро симпозиум иш бошлади
Миллий ғурур ва ватанпарварлик бир-бирига яқин, эгизак тушунчалардир. Миллий ғурури баланд инсонларгина ўз ватанини севади, уни асраб-авайлайди.
Қўқон шаҳрида “Ўқувчиларни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг индивидуал ва дифференциал технологиялари” мавзуида халқаро педагогик симпозиум ўз ишини бошлади. У Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ва Қўқон университети томонидан ўтказилмоқда. Унда мамлакатимиз ва хориждаги соҳанинг таниқли олимлари, тадқиқотчилари илмий изланишлари натижалари билан ўртоқлашадилар. Ёш авлод ўртасида миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб қилишга бағишланган симпозиумда амалий стратегиялар, илмий сессиялар, қизиқарли панел муҳокамалари, интерактив семинарлар бўлиб ўтади.


Симпозиум ўтказиш учун Қўқон шаҳри танлангани бежиз эмас эди. Аввало,Қўқон сўнгги йилларда мамлакатнинг йирик илмий ўқув марказларидан бирига айланди. Ҳозир бу ерда иккита университет фаолият юритмоқда. Қолаверса, ўзбек педагогика илми асосчиларидан бири академик Қори Ниёзий айнан Фарғона вилоятида илк фаолиятини бошлаб назарий тадқиқотларини яратган эди. Миллий ғурур ва ватанпарварлик ҳақида гап кетганда, она тилимиз, қадриятларимиз, байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимиз каби миллий рамзларимизни эслаш зарур. Бугунги кунда дунёда 50 миллиондан ортиқ инсон ўзбек тилида сўзлашади. Ўзбек тили 70 дан ортиқ хорижий университетларда ўқитилмоқда.
– Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек, “Она тили – инсон қалбининг энг нозик торларини чертадиган восита”. Шу боис она тилимизни эъзозлаш ва уни ёш авлод онгига сингдириш биз педагогларнинг муқаддас бурчидир, – дейди Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори Холбой Ибрагимов. – Мазкур халқаро симпозиум ёшлар қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, деган умиддамиз.


Симпозиумнинг очилишида сўзга чиққан олим ва маъмурлар педагогик мезон, меъёрлар замон талабидан келиб чиқиб, яъни таълим технологиялари ривожи таъсирини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, мослаштирилиши лозимлигини таъкидладилар.
Эртага симпозиум турли йўналишдаги секцияларда давом этади.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА