Қонунбузарликка уринишнинг олди олинди
Бухоро вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қонуний ва шаффоф муҳитни таъминлаш, давлат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда божхона соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш борасида замонавий ахборот технологиялар ва “хавфни бошқариш” тизимларининг жорий этилиши қонунбузарликларни эрта аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона постида божхона тўловларидан асоссиз имтиёз олишга қаратилган навбатдаги уриниш божхона ходимларининг тезкор ва синчков назорати натижасида ўз вақтида фош этилди.
Маълум бўлишича, хориждан олиб кирилган товарлар божхона юк декларациясида имтиёз қўлланиладиган ТИФ ТН коди остида расмийлаштирилган бўлиб, ҳужжатларда полиэтилен қолдиқлари сифатида кўрсатилган. Бироқ божхона органларининг автоматлаштирилган “хавфни бошқариш” ахборот тизими ушбу юкни хавф даражаси юқори деб баҳолаб, “сариқ” йўлакка йўналтирган.
Шундан сўнг божхона ходимлари томонидан юзага келган шубҳаларни бартараф этиш мақсадида юк белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди ва жараёнида товарлар ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мос келмаслиги аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, қайта ишланган полиэтилен сифатида расмийлаштирилган маҳсулотлар аслида бирламчи турдаги полиэтилен экани маълум бўлди. Демак, товарга нисбатан нотўғри ТИФ ТН коди қўлланиб, божхона тўловларидан имтиёз олишга уринилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик орқали қарийб 30 миллион сўм миқдоридаги божхона тўловларидан қочишга ҳаракат қилинган. Шунингдек, умумий қиймати 350 миллион сўмга тенг бўлган товарлар вақтинча сақловга олинди ва ҳолат юзасидан белгиланган тартибда текширув ишлари давом этмоқда.
Божхона органлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган енгилликлардан мақсад — тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш ва қонуний савдо айланмасини кенгайтиришдан иборат. Шу боис, соҳада шаффофликни таъминлаш ва ҳар қандай қонунбузарликка қарши муросасиз курашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
“Олот” чегара божхона постида аниқланган мазкур ҳолат божхона назорати тизими самарадорлиги, рақамли технологияларнинг аҳамияти ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бераётганини яна бир бор кўрсатди.
Зариф Комилов, ЎзА