Қонун устуворлиги ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви тараққиёт асосидир
Муносабат
Мамлакатимизда давлат бошқарувини янада очиқ, самарали ва аҳоли эҳтиёжларига яқинлаштириш, давлат органлари фаолияти устидан институционал назорат механизмларини кучайтириш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бунга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури муҳим асос бўлмоқда. Биргина ўтган йили қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва давлат хизматлари сифатини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бу – халқнинг таклиф ва фикрларини олиш, манфаатларини ҳимоялашга қаратилган вазифалар доирасида намоён бўлмоқда. Жумладан, бу йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка муҳим ўзгартиришлар киритилди.
“Қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан қонун лойиҳаларини парламентга тақдим этиш тартибида ўзгартиришлар бўлди. Унга асосан ҳар бир қонун лойиҳаси парламентга киритилишидан олдин ҳуқуқий экспертиза, коррупцияга қарши экспертиза ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши шарт қилиб белгиланди. Бу талаблар қонунларнинг сифати ва халқ манфаатларига мослигини таъминлаш учун муҳим қадамдир.
Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси билан чиқувчи субъектларга янги ҳуқуқ берилди. Улар ўзи таклиф қилган қонун лойиҳасини, заруратга кўра, парламентда иккинчи ўқишга қадар чақириб олиш имкониятига эга бўлишди. Бу орқали қонун ижодкорлигидаги эҳтимолий хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғрилаш имконияти яратилди. Натижада қабул қилинаётган қонунлар янада пухта ва аҳолининг реал талабларига мос бўлади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишидан аввал жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш талаб қилинади. Бу фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олиш орқали қабул қилинаётган қонунлар аҳолининг эҳтиёжларига янада мослашувчан бўлишига хизмат қилади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан Қонунчилик палатасининг регламенти ҳам такомиллаштирилди. Қонун лойиҳаларида кўрсатилган ҳаволаки нормаларнинг амалга оширилиш муддатлари ва масъул ижрочилар аниқ кўрсатилади, бу эса қабул қилинган қонунларнинг ижросини таъминлаш самарадорлигини оширади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, бир қатор вазирлик ва агентликларнинг 11 та давлат функцияси хусусий секторга ўтказилиши, бу – соҳаларда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни қисқартиришда муҳим омил бўлади. Натижада хизмат кўрсатиш сифати ва тезлиги ошади. Бу, ўз навбатида, давлат ресурсларини стратегик ва тартибга солувчи вазифаларга йўналтириш имконини беради.
Мазкур тартиб давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириб, хизматлар бозорида янги ташаббуслар пайдо бўлиши, илғор тажриба ва технологияларнинг жорий этилишига шароит яратади. Шу билан бирга, давлат органлари ўз эътиборини тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишдан кўра, стратегик режалаштириш, назорат ва сифатни таъминлаш масалаларига қаратади.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши томонидан Кенгаш сўровини, маҳаллий Кенгаш депутати томонидан депутат сўровини юбориш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор маҳаллий давлат бошқаруви тизимида назорат ва ҳисобдорлик механизмларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Аввало, бу ҳужжат маҳаллий Кенгашларнинг, яъни, халқ вакилларининг амалдаги қонунлар ва дастурлар ижросини бевосита назорат қилиш имкониятини кенгайтиради.
Эндиликда “E-kengash” портали орқали электрон тартибда юбориш тизими жорий этилиши жараённинг тезкорлиги, шаффофлиги ва изчиллигини таъминлайди. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг 10 кун ичида ёзма жавоб бериш мажбурияти уларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади. Жавобларнинг Кенгаш сессияларида ёки доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилиниши эса ижтимоий масалаларга очиқ ёндашувни, жамоатчилик иштирокида баҳолашни йўлга қўяди. Бу қарорнинг қабул қилиниши маҳаллий бошқарув тизимини рақамлаштириш, депутатлик назоратини кучайтириш ва фуқароларнинг давлат бошқарувидаги ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Натижада, маҳаллий даражадаги қарорлар ижроси устидан назорат механизми аниқ, тизимли ва самарали шаклга эга бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоятлар марказларидаги бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Хавфсиз бозор”, “Хавфсиз сайилгоҳ” ва “Хавфсиз истироҳат боғи” каби янги моделлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Мазкур ёндашув жамоат жойларида профилактика, назорат ва тезкор чора кўриш механизмларини кучайтириш, фуқаролар учун хавфсиз ва тартибли муҳит яратиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Яна бир муҳим ташаббус сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатаси ҳузурида “Ёш адвокатлар” жамоат кенгаши тўғрисида”ги низом қабул қилиниб, унинг тузилиши ва фаолияти аниқ белгилаб берилди. Низомга кўра, Кенгаш раис ва 9 нафар аъзодан иборат бўлиб, аъзолар Адвокатлар палатаси раисининг буйруғи билан 3 йил муддатга тайинланади. Шунингдек, 40 ёшга тўлмаган адвокатлар кенгаш аъзоси бўлиш имкониятига эга. Бу ёш мутахассисларнинг касбий ривожланиши ва фаол иштирокини рағбатлантиришда муҳим қадамдир.
“Ёш адвокатлар” жамоат кенгашига юклатилган вазифалар адвокатура соҳасини ривожлантиришда улкан имкониятларни яратади. Ушбу вазифалар қаторига ўқув тадбирларини ташкил этиш, устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ёш адвокатларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кабилар киради. Бундан ташқари, Кенгаш адвокатлик касбини оммалаштириш, ахборот ва ўқув лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро тажриба алмашиш дастурларида иштирок этиш каби вазифаларни ҳам ўз зиммасига олади. Бу тадбирлар ёш адвокатларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида 2025 йилда ушбу йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг муҳим йўналишларини янада тизимли, очиқ ва самарали асосда ташкил этишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур жараёнлар қонун устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятида ҳисобдорликни кучайтириш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматларини аҳоли эҳтиёжларига яқинлаштириш орқали бошқарув сифати ва институционал самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Инобат ҲАКИМОВА,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси.
ЎзА