Қизларнинг технологик лойиҳалари тақдим этилди
Пойтахтимизда қизлар учун мўлжалланган энг йирик халқаро STEM ташаббуслардан бири — “Technovation Girls Uzbekistan” дастурининг финал босқичи ҳамда лойиҳанинг Ўзбекистондаги 10 йиллик фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Жорий йилги мавсум дастур тарихидаги энг юқори натижалардан бирини қайд этди. Мамлакатнинг турли ҳудудларидан 143 та жамоа ўзининг инновацион ва технологик лойиҳаларини халқаро танловга тақдим қилди.
Иштирокчилар соғлиқни сақлаш, таълим, экология, инклюзия ва бошқа ижтимоий йўналишларда ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект асосидаги ечимларни ишлаб чиқди.

Тадбир доирасида дастурда фаол иштирок этган қизлар, менторлар ва ҳамкорлар тақдирланди. Шунингдек, илм-фан, технологиялар ва тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритаётган аёл лидерлар иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Эндиликда халқаро босқичга йўлланма олган жамоалар дунёнинг энг кучли иштирокчилари билан бир қаторда ўз лойиҳаларини тақдим этиш имконияти учун кураш олиб боради.

“Technovation Girls” қизларнинг рақамли ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, уларни ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасига кенг жалб этишга қаратилган дунёдаги энг йирик таълим дастурларидан бири ҳисобланади. Ўтган 10 йил давомида лойиҳа Ўзбекистонда минглаб қизларнинг технологиялар соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиб келмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА