Қишлоқ аёли – жамият таянчи, юрт ифтихори
Халқаро қишлоқ аёллари куни Андижон вилоятида кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Ушбу сана муносабати билан қишлоқ ҳудудларида яшаётган опа-синилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Айни кунда вилоят аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Ана шу опа-сингилларимизнинг аксарияти ёки 850 минг нафарга яқини қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Маълумки, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар мужассам.
Жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган 82 минг 24 нафар аёлнинг 79 минг 840 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 3 минг 184 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Тадбиркорлик қилиш истагидаги 38 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 30 минг нафарига тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун Халқ банки, Агро банк ва “Микрокредитбанк” вилоят филиаллари, туман бўлимлари томонидан 45 миллиард 185 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Бундан ташқари, қишлоқларда истиқомат қилаётган, олий ўқув юртида таҳсил олаётган 20 нафарга яқин аёлга шартнома тўловининг бир қисми тўлаб берилди. Шунингдек, кўплаб аёлларимизга иссиқхона қуриш, суғориш воситалари, уруғлик, кўчат ва тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун зарур асбоб-ускуна сотиб олиш учун субсидиялар берилди.
Вилоятимизда Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятдаги барча маҳалларда опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, муаммоларини бартараф этишга қаратилган маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, шунингдек, “Доим эътибордасиз!" шиори остида қишлоқ ҳудудларида яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, нуроний онахонлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда.


Айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг 2024 йил 2 майда қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, 2026 йил “Халқаро фермер аёллар йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан фермер аёлларнинг қишлоқлар, инфратузилмаси, озиқ-овқат тизимлари ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳамда аҳолининг ташаббускорлигини оширишга, кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш борасидаги фаолиятини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур тадбирларни ўтказишда вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллаларда ташкил этилган “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, “Бувижонлар мактаби”, “Қизлар давраси” жамоатчилик кенгашлари аъзолари жонбозлик кўрсатмоқда.
Қишлоқларда яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган кекса онахонлар, опа-сингилларимизнинг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, ёшларга ўргатиш, шунингдек, уларнинг қалбида бугунги тинч, фаровон ҳаётимизга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаш зиммамиздаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, жойларда ана шу йўналишда учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилмоқда.


Қишлоқларда оила муқаддаслигини, ўзига хос мезон ва қадриятларини улуғлаб, узоқ йиллар давомида оилалар тотувлигини, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб, кўпларга ибрат бўлиб келаётган фаол, фидойи аёлларга ҳамда ёши улуғ онахонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан вилоятнинг ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалласида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, қишлоқларда яшаётган опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, турмуш фаровонлигини янада ошириш, муаммоларини бартараф этиш, эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Нигорахон ЮНУСОВА,
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.