Қирғизистоннинг “Дугоба”си эркин сайёҳлик зонасига айланадими?
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғида Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Мамиржон Раҳимов бошчилигидаги делегация билан учрашди. Унда икки ҳудуднинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, Фарғона ва Қадамжой тумани ҳокимлари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирок этди.
Мазкур ишчи учрашув чегараолди ҳудудлар алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дастлаб “Ҳазрат Али” зиёратгоҳида меҳмонларга Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларининг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича режалар хусусида маълумот берилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона ва Боткен ўртасидаги дўстона муносабатлар янада фаоллашиб бораётганини қайд этиб, биргаликда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини билдирди. Айниқса, Шоҳимардон ҳамда Қадамжой туманининг Дугоба ҳудудида туризм ривожи учун катта салоҳият борлиги айтиб ўтилди. Хусусан, Шоҳимардон – Дугоба йўналишида эркин туристик зона ташкил этиш, икки томонлама сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва дам олувчилар учун халқаро талабларга мос қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА