Қирғиз шоираси китоби ўзбек тилида чоп этилди
Бобур номли Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмалари ҳамда Қирғиз миллий-маданий маркази вилоят бўлимлари ҳамкорлигида қирғиз шоираси Самара Носированинг “Буғдой нон ҳиди” номли шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда бир гуруҳ ўзбек, қирғиз шоир ва ёзувчилари, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Саминжон Ҳусанов, Қирғиз миллий-маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров ва бошқалар ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ўртасида дўстлик, ижодий ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
[gallery-29883]
Ўш вилояти Қорасув туманида туғилган, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар ҳамда Россия Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ медали, “Қирғизистон маданияти аълочиси” кўкрак нишони соҳибаси, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмасининг Россия бўлими раҳбари, “Кара-Суу кайрыктары” адабий бирлашмаси жамоат фонди директори Самара Носированинг “Буғдой нон ҳиди” номли шеърий китобига киритилган шеърлар андижонлик ижодкор-таржимон Муқимжон Нурбоев томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Намангандаги “Истеъдод зиё пресс” нашриётида ўзбек ва қирғиз тилларида (“Буудай нан жыты”) чоп этилган.
Тадбирда икки халқ ўртасидаги адабий ҳамкорлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи китобга киритилган шеърларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Шеърлар аслидаги руҳини сақлаган ҳолда, ўзбек ўқувчиси учун табиий ва таъсирчан тарзда таржима қилинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Наргизахон Ортиқова. – Тўпламдаги барча шеърларда юксак инсоний фазилатлар, қардош икки халқнинг умумий маънавий илдизлари, миллий хотиранинг бардавомлиги ўз ифодасини топган.
Тадбирда ўзбек ва қирғиз тилларида шеърлар ўқилди. Қирғизистонлик ижодкор Жинисбек Маматов қирғиз миллий қўшиқларидан ижро этиб, тадбирга ўзгача файз киритди.
Китоб муаллифи Самара Носирова қирғиз ижодкорларига кўрсатилган эътибор, қолаверса, қардош халқларимиз ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган барча ижодкорларга ҳамда таржимон Муқимжон Нурбоевга миннатдорлик билдирди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.