Қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – асосий талаб
Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгалламоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларимиз учун янги иш ўринлари очиш, барқарор даромад манбаларини яратишнинг энг муҳим омилига айланиб улгурди.
Навоий вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳам ана шу йўналишда иш юритиб, Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, соҳа ривожига халақит бераётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни олиб боряпти. Қабулхона тизимида “business.gov.uz” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши эса тадбикорлар мурожаатларини электрон тизим орқали тезкорлик билан кўриб чиқиш имкониятини бераяпти.
2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига Навоий вилояти ва туман (шаҳар) қабулхоналарига 4702 та масала бўйича 4367 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 2295 таси сайёр қабулларда, 1453 таси вилоят, туман ва шаҳарлар қабулхоналари орқали, 529 таси call-center орқали, 90 та мурожаат тадбиркорларнинг шахсий кибанети орқали қабул қилинган.
Мурожаатларда қайд этилган масалалар соҳалар кесимидаа таҳлил этилганда, 1579 таси банкдан кредит олиш, 367 таси ер участкалари ёки бино ажратилиши, 182 таси солиқ, 133 таси инфратузилма тармоқларига уланиш, 108 таси тегишли рухсатнома ва лицензия олиш, 2333 таси бошқа турли масалаларга доир эканлиги аниқланди.
Аҳамиятли томони, 11 ой ичида қабулхоналарга келиб тушган 3410 та масала ижобий қаноатлантирилди. 1185 та масаланинг ечими бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 65 та масала асосли бўлмаганлиги сабабли рад этилди.
Қабулхоналарга тадбиркорлик субектларидан келиб тушган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, тегишли масъуллардан иборат ишчи гуруҳларни жалб қилган ҳолда, қисқа муддатларда ҳал этиб келинмоқда.
Жумладан, Хатирчи туманидаги “DYNAMIC ELEKTRONIKS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шахзод Мардибоев “Ун ва омухта ем ишлаб чиқариш заводи”ни ишга тушириш мақсадида зарур бўлган кредит маблағини олишида муаммоларга дуч келган эди. Қабулхонанинг амалий кўмаги асосида тадбиркорга қисқа муддатда кредит маблағи ажратиб берилиб, бугунги кунда “HUMO” бренди асосида ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган корхонада 34 нафар иш ўрни яратилди.
Зарафшон шаҳрида фаолият юритувчи "HOOKAN BORZZ" оилавий корхонаси директори Ваҳоб Мансуровнинг спорт соғламлаштириш маркази ва сув ҳавзаси мажмуасини электр энергиясига уланишида юзага келган сансоларликлар тўғрисида қилган мурожаати ҳам Бош вазир қабулхонасида ўз ечимини топиб, белгиланган тартибда корхона электр тармоғига улаб берилди.
Яна бир мисол, Томди туманидаги “GOLDEN KVARS” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Азизбек Исоқуловга “Джерой” кварц конининг “Шарқий” участкасидаги кварц қуми захираларининг бир қисмида қазиш ишларини олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензия масаласи ижобий ҳал этилди.
Қабулхоналар жойларда тадбиркорлар муаммоларини эшитиш ва уларга ижобий ечим топиш бўйича доимий сайёр ва оммавий қабуллар ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, 2021 йил 11 ойи давомида жами 467 маротаба сайёр қабул ташкил этилди. Eyда жами 4750 нафар тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, 2175 та масалалар бўйича 2078 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг 1815 таси ижобий қаноатлантириб берилди.
Қабулхона мамлакатимизда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳам фаол.
2021 йилда ёшлардан жами 1702 та мурожаат ижро учун назоратга олиниб, уларнинг 1329 таси ижобий ҳал этилган. Натижада қарийб 300 га яқин янги иш ўрни яратилган.
Zuhra. T/S 177, [04.01.2022 15:29]
Бугун тадбиркорлар мурожаатига алоқадор бўлган ҳар бир мансабдор шахс масаланинг ечими бўйича қўл остидаги ходимларида таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича шахсий жавобгарлигини кучайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, бу борада қабулхона ходимлари ҳам ўзига тегишли хулосалар чиқариб, ҳамкор ташкилотлар ва сектор раҳбарлари билан биргаликда амалий ишларни изчил ва манзилли давом эттирмоқда.
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугун Бош вазир қабулхоналари ходимларининг ҳам зарурий қоидасига айланган. Мазкур талаб асосида фааолият юритиш, тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарҳод Рахмонов,
Навоий вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини
кўриб чиқиш қабулхонаси бош мутахассиси.
ЎзА