Қатағон қурбонлари: Ёмдан чиққан фидойилардан бири
Жиззах вилояти Зомин туманидаги қадимий Ём қишлоғи нафақат гўзал табиати, балки тарих саҳифаларида из қолдирган инсонлари билан ҳам эътиборлидир. Манбаларда қайд этилишича, “Ём” атамаси мўғулчада “бекат”, “тўхташ жойи” маъносини англатади.
Ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Бобурнома” асарида бу ҳудудни тилга олиб, сафар чоғида шу ерда тунаганини ёзган. Бу маскан асрлар давомида нафақат йўллар туташган, балки тақдирлар кесишган макон бўлиб келган.
Ана шу заминда 1896 йил 30 март куни туғилган Мамадиёр Аллаёров — мураккаб ва синовли даврнинг тирик гувоҳи, ўз тақдири орқали бутун бир давр фожиасини ифода этган шахслардан биридир.

У дастлаб эски мактабда, кейин Зоминдаги рус мактабида таҳсил олди. 1916 йилда мардикорликка сафарбар этилди, 1917 йилдан эса ўқитувчилик қилди. 1919 йилда партия сафига қабул қилиниб, қисқа вақт ичида масъул лавозимларга кўтарилди. Жиззах шаҳар фирқа қўмитасида, суд тизимида, шунингдек, Тожикистон ва бошқа ҳудудларда масъулиятли вазифаларда ишлади.
Бироқ унинг ҳаётидаги энг оғир синовлар 1930 йиллар қатағонлари даврига тўғри келди. 1935 йилда “ёт унсур” сифатида партиядан чиқарилган Мамадиёр Аллаёров 1938 йил 27 июлда “Миллий иттиҳод”га алоқадорликда айбланиб, қамоққа олинди. Унинг “айби” эса Ватанни озод ва мустақил кўриш орзуси, халқни маърифат ва тараққиётга чорлаган фикрлари эди. Ана шу жиҳат уни қатағон қурбонлари сафига қўшди.
Мамадиёр Аллаёров нафақат амалий фаолияти, балки ёзма хотиралари билан ҳам қимматлидир. У 1916 йилги Жиззах қўзғолони воқеаларини ўз кўзи билан кўрган ва батафсил қайд этган.
Унинг ёзишича, қўзғолон кунларида халқ таёқ, ўроқ, қилич ва милтиқлар билан қуролланиб, босқинчиларга қарши чиққан. Темир йўллар бузилган, иморатларга ўт қўйилган, аммо жавоб зарбаси ниҳоятда шафқатсиз бўлган.

Чор Россиясининг босқинчи ҳарбий қўшинлари келиб, қишлоқларни ёндирган, одамларни оммавий қатл этган. У “40 кишини уйга қамаб куйдирганини кўрдик”, дея ёзади. Бу мисралар ўша даврнинг даҳшатли манзарасини бутун оғриғи билан намоён этади.
Ҳарбий суд ҳукмлари эса бу фожианинг яна бир исботидир. Ўнлаб инсонлар “подшоҳга қарши чиққанлик” айби билан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Назирҳўжа Абсалом ўғли, Нуриддинхўжа Маъруфхўжа ўғли, Абдураҳмон жевачи каби ўнлаб исмлар тарих саҳифаларида қайғу ва жасорат рамзи сифатида муҳрланган.
Муаллиф томонидан қаҳрамоннинг қариндошлари билан ўтказилган суҳбатлар ҳам унинг инсоний қиёфасини яққол очиб беради. Турғун ҳожи Шокаримов Мамадиёр Аллаёровни “ширинсухан, олижаноб инсон” сифатида эсласа, Ойбек Аҳмадиёров уни “ўз даврининг комил ва ватанпарвар фарзанди”, дея таърифлайди. Бу хотиралар орқали биз фақат тарихий шахсни эмас, балки тирик инсон, меҳрибон қариндош, зиёли фидоий сиймосини кўрамиз.
Хулоса шуки, Мамадиёр Аллаёров ҳаёти бир инсон тақдири орқали бутун бир даврнинг оғриқли ҳақиқатини очиб берувчи ибратли саҳифадир. Унинг хотиралари, бошидан кечирганлари ва орзу-интилишлари бугунги тинч ва фаровон ҳаёт қадрини янада теран англашга хизмат қилади. Қатағон қурбонлари тақдири эса унутилмас сабоқдир.
Бахтигул Эргашева,
Жиззах давлат педагогика институти тузилмасидаги
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори.
ЎзА