Қашқадарёлик маданият ва санъат намояндалари давлат мукофотлари билан тақдирланди
Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижод аҳли, нуронийлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси ходимларининг меҳнати муносиб қадрланаётгани, миллий маънавиятни юксалтириш, бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш борасидаги хизматларига юксак баҳо берилаётгани таъкидланди.
Президент фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Қашқадарё вилоятининг бир қатор фидойи ижодкор ва соҳа вакиллари ҳам борлиги воҳа аҳли учун катта мамнуният бўлди. Маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов мукофот соҳибларини табриклаб, давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Вилоят раҳбари мамлакатимизда ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият тараққиёти ва маънавий ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Фармонга мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан Нишон тумани маданият бўлими бахшичилик тўгараги раҳбари Мурадилла Алиқулов, Қашқадарё вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси директори Останақул Комилов, публицист Бўритош Носирова ҳамда Касби тумани маданият бўлимига қарашли “Кулол шодаси” фольклор-этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари Моҳира Эргашова тақдирланди.
[gallery-29697]
“Шуҳрат” медали билан Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Мамадиев, каштачилик санъати намоёндаси Гулнора Одилова ҳамда Шаҳрисабз минтақавий реставрация маркази директори Илҳомиддин Юсупов мукофотланди. Шунингдек, мамлакатимиз маданияти ва санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган марҳум санъаткорлар ҳам юксак эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов “Меҳнат шуҳрати” ордени, таниқли эстрада хонандаси Даврон Ғоипов эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Мукофот соҳиблари кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, бу ишонч уларни янада самарали ижод ва меҳнат қилишга руҳлантиришини таъкидлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА