Қашқадарёда замонавий Сув спорти саройи фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ёшларни спортга жалб этиш ҳамда халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялаш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Мана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси сифатида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан барпо этилган замонавий Сув спорти саройи фойдаланишга топширилди.
Жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб берадиган мазкур муҳташам иншоотнинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Унда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергиус Гловацкас, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Мўғулистон касаба уюшмалари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар, World Aquaticsнинг халқаро тоифадаги ҳаками Наталя Лерман, сузиш бўйича икки карра Олимпия ўйинлари совриндори Светлана Бабанина, “Сув париси – 2026” халқаро турнири иштирокчилари ҳамда юртимиз жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Меҳмонлар Қарши сув спорти саройида карнай-сурнай садолари, миллий фольклор жамоалари чиқишлари билан самимий кутиб олинди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Қудратилла Рафиков, бундан икки йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги сув спорти саройи билан танишиш асносида бундай замонавий иншоотлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки барча ҳудудларда, хусусан, Қашқадарёда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлаганини қайд этди.
– Ушбу иншоотнинг барпо этилиши инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг яна бир амалий ифодасидир, – деди Қудратилла Рафиков.
Қарши шаҳридаги мазкур Сув спорти саройи 2 гектар майдонда қад ростлаган бўлиб, барча турдаги сув спорти мусобақаларини ўтказиш имкониятига эга. Мажмуа таркибида 50×21 метр ўлчамли сузиш ҳавзаси, 16×16 метр ўлчамли ва 10 метр баландликдан сувга сакраш учун мўлжалланган ҳавза, қуруқ бассейн, шунингдек, 6×12 метр ўлчамли иккита болалар ҳовузи мавжуд.
Баландликдан сакраш ҳавзасида 1, 3, 5, 7,5 ва 10 метрли беш босқичли минора ҳамда 7 та замонавий трамплин ўрнатилган.
Бундан ташқари, иншоотда ёпиқ сузиш ҳавзаси, маъмурий хоналар, медиа зона, фитнес ва йиғилиш заллари, 700 ўринли томошабинлар трибунаси, кенг холл, душ ва кийим алмаштириш хоналари, дам олиш ҳудудлари ташкил этилган.
Мажмуанинг муҳандислик тизимлари ҳам замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Хусусан, сувни тозалаш фильтрлари, насос агрегатлари, иситиш айланмалари ва вентиляция ускуналари ўрнатилган бўлиб, вентиляция тизими соатига 90 минг метр куб тоза ҳаво етказиб бериш қувватига эга.
Эътиборлиси, барча жиҳоз ва ускуналар Хитой, Италия, Испания, Германия ва АҚШнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, энергия самарадорлиги ва юқори сифат кўрсаткичлари билан ажралиб туради.
– Ушбу масканда узоқ масофага сузиш, сув полоси ва баландликдан сакраш каби спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган, – дейди Сув спорт саройи директори Исоқ Панжиев. – Энг муҳими, бу ерда ёшлар спорт сир-синоатларини чуқур ўзлаштириб, келгусида Янги Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда баланд кўтаришлари учун мустаҳкам замин яратилади.
Тантанали очилиш маросимидан сўнг синхрон сузиш бўйича “Сув париси – 2026” очиқ халқаро турнири ғолибларининг чиқишлари намойиш этилди.
[gallery-29049]
Шунингдек, 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Сув париси – 2026” очиқ халқаро турнири ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда ғолиб ва совриндорларга муносиб мукофотлар топширилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, келгусида мазкур сув спорти мажмуасида Республика, Осиё ва халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган.
Шубҳасиз, Қарши шаҳрида қад ростлаган мазкур замонавий Сув спорти саройи нафақат вилоят, балки мамлакатимиз спорт ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида тарихда қолади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятда 13 та ёпиқ сув ҳавзаси фаолият юритмоқда ва уч минг нафардан зиёд ҳаваскор спортчилар сузиш спорти билан шуғулланмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари