Қашқадарёда тадбиркорларнинг санитария-эпидемиология соҳасига оид муаммолари ўрганилди
Қашқадарё вилоятида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков иштирокида тадбиркорлар ва фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Қарши шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида ўтказилган очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммолар, санитария-эпидемиологик талаблар ҳамда соҳадаги мутахассисларни қизиқтираётган масалалар муҳокама қилинди.
Қабул давомида гўшт маҳсулотлари етиштириш ва қорамол сўйиш жойларига қўйиладиган талаблар, қуритилган мевалар, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ саволларга жавоб берилди. Шунингдек, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш тартиби, лабораториялар учун зарур реагентлар, реактивлар, диагностикумлар ва озуқа муҳитларини етказиб бериш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

– Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида ташкил этилаётган сайёр қабуллардан асосий мақсад тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш ва ечим топишдан иборат. Бугунги учрашувда ҳам бир қатор долзарб масалалар кўтарилди. Уларнинг айримларига жойида тушунтириш берилди, тизимли ёндашувни талаб қиладиганлари бўйича эса тегишли таклифлар ишлаб чиқиш зарур, – деди Нурмат Отабеков.

Мулоқотда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ саволлар ҳам ўртага ташланди. Қўмита раҳбари биринчи ўринбосарининг таъкидлашича, соҳадаги ташкилий ўзгаришлардан кўзланган мақсад назорат жараёнларини мақбуллаштириш, тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини бартараф этиш ва харажатларини камайтиришдир. Шу орқали бир нечта масалани ягона тизим доирасида ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Лабораториялар эҳтиёжлари учун зарур воситалар таъминоти ҳам муҳокаманинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Нурмат Отабеков бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга буюртмалар бериш, зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларни харид қилиш жараёнларида қулайликлар яратиш бўйича таклифлар киритилишини билдирди.
Учрашувда санитария-эпидемиология тизимидаги овқатланиш гигиенасига оид бўлимларнинг янги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тизимига ўтказилиши муносабати билан ходимларнинг келгуси фаолияти масаласи ҳам кўтарилди.

Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, мазкур йўналишда ишлаётган мутахассисларга ташкилий ўзгаришлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш хатлари берилган. Бироқ янги тизим тўлиқ ишга тушгунига қадар ходимлар иш фаолиятини давом эттиради. Уларнинг келгуси меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда мутахассисларни ишсиз қолдирмасликка эътибор қаратилади.

Сайёр қабул якунида кўтарилган масалаларни тегишли тартибда кўриб чиқиш, ечими қонунчиликни такомиллаштиришни талаб қиладиган таклифларни масъул идораларга етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлар ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳадаги муаммоларни жойида аниқлаш ҳамда уларнинг ечимига қаратилган амалий чораларни белгилашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири