Қашқадарёда қўриқлашнинг замонавий техник воситалари ишлаб чиқарилади
Қашқадарё вилоятида қўриқлаш тизими учун зарур бўлган замонавий техник воситаларни маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг учун вилоятда фаолият юритаётган «S-SMART Security» корхонаси билан ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг расмий веб-сайтида маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги Қўриқлаш хизмати маъмурий биносида мазкур лойиҳани амалга ошириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков, Қашқадарё вилояти ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Муратов ҳамда «S-SMART Security» корхонаси раҳбарияти иштирок этди.
Учрашувда қўриқлаш соҳасида фойдаланиладиган техник воситаларни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва соҳанинг техник салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Якунлари бўйича томонлар ўртасида йирик сармоя лойиҳасини амалга оширишга қаратилган икки томонлама меморандум имзоланди.

Меморандум доирасида замонавий сигнализация тизимлари, интеллектуал хавфсизлик қурилмалари, назорат ва мониторинг ускуналари ҳамда қўриқлашда қўлланиладиган бошқа техник воситаларни Қашқадарё вилоятида босқичма-босқич ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий саноат кооперациясини ривожлантириш имконияти кенгаяди. Шу билан бирга, қўриқлаш соҳасининг замонавий техник воситаларга бўлган эҳтиёжини ички имкониятлар ҳисобидан таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда қўриқлаш ходимларининг фарзандларини ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Томонлар ишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантириш, илғор технологияларни жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда келгусида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга йўналтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Қашқадарёда қўриқлаш техник воситаларининг ишлаб чиқарилиши ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш билан бирга, хавфсизлик соҳасида маҳаллий ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири