Қашқадарёда 1,5 тонна яроқсиз гўшт йўқ қилинди
Қашқадарёда истеъмол бозорига кириб келаётган маҳсулотлар хавфсизлиги борасида жиддий муаммо аниқланди. Қарийб 1,5 тонна номаълум гўштнинг ҳужжатсиз ташилиши ортида нималар бор?
Истеъмол бозорига кириб келаётган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги, аввало, унинг келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар орқали назорат қилинади. Айниқса, гўшт каби тез бузиладиган маҳсулотларда бу талабнинг аҳамияти янада юқори. Қашқадарё вилоятида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирида ҳам ана шу масаланинг қанчалик долзарб эканини кўрсатувчи ҳолат аниқланди.
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳудудида ўтказилган навбатдаги назорат тадбири давомида транспорт воситасида гўшт маҳсулоти тегишли ветеринария ҳужжатларисиз ташилаётгани маълум бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ходимлари ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомашинани белгиланган тартибда тўхтатиб, текширувдан ўтказишганда унинг салонида келиб чиқиши номаълум бўлган салкам 1.5 тонна гўшт маҳсулоти олиб кетилаётгани аниқланди. Ҳайдовчи маҳсулот учун талаб этиладиган ва хавфсизлигини тасдиқловчи ветеринария ҳужжатларини тақдим эта олмаган. Ўрганиш давомида ҳайдовчи мазкур гўшт маҳсулотларини Косон тумани “Узунқудуқ” МФЙ ҳудудидан ортилгани, гўштнинг эгасини танимаслиги ва Тошкент шаҳрига олиб кетаётганини маълум қилган.

Мазкур маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилиги ва хавфсизлигини аниқлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораториясига текширув учун топширилди. Таҳлил натижасида аниқланган юкнинг 1 236 килограмми йирик шохли қорамол гўшти, 174 кг эса от гўшти эканлиги аниқланган. Лаборатория хулосасига кўра, санитария қоидаларига зид равишда ташилаётган мазкур икки турдаги гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилган.

Кейинчалик ушбу гўшт маҳсулотларини белгиланган тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилди. Ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА