Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Қашқадарё вилояти болалар-ўсмирлар футбол академияси спортчи ўқувчилари иштирокида Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида «Мадҳия – халқимизнинг бош қўшиғи» номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида ёш спортчи ўқувчилар ижод мактабида ташкил этилган музейда Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ёшлик даврларига оид экспонатлар, шоир ижодига мансуб ишлар, шеърий тўпламлари билан танишди.
***
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича эълон қилинган «долзарб 40 кунлик» Қашқадарёда ҳам кенг қўллаб-қувватланиб, қаровсиз майдонлар ҳам обод қилинмоқда.

Ана шу ташаббус бундан икки-уч йил олдин Қарши чиқинди полигони вазифасини ўтаган «Қўнғиртоғ» тепаликларига туташ, бир пайтлар ташландиқ бўлган йирик майдонларгача етиб борди.

***
Китоб тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан тумандаги мавжуд электр тармоқларини яхшилаш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда. Куни кеча корхонанинг 21 нафар ходимидан ташкил топган 5 та ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги Варганза МФЙга 13 дона бетон тўсинлар ўрнатилди, Нурафшон, Истиқлол, Алақўйлиқ МФЙларда 1 километрдан ортиқ электр линиялари янгиланди.
***
Юртимизда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда қолмайди. Шу йўналишда қилинган ҳар қандай иш эса савоблидир. Зеро, савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак.
Президентимиз томонидан қабул қилинган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Ғузор туманидаги 4 нафар чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга барча қулайликларга эга бўлган шинам хонадонлар калити топширилди.
***
Косон тумани қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш бўйича аёллар ва қизлар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, уларга назарий ва амалий дарс жараёнлари олиб борилди.

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан ўтказилган ушбу тадбир якунида қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари хотин-қизларга топширилди
Ўлмас Баротов, ЎзА