Ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан турли шартлар асосида ҳар хил кредитлар ажратилмоқда. Тузилган шартномада кредит фоизи, миқдори ва тўлов муддати аниқ кўрсатилиб, жадвал шаклида мижозга ҳам берилади.
Қарздорлик тўлиқ қопланмаса, ундирув гаров мулкига ёки қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкларга қаратилади. Кредитни қайтаришдаги масъулиятсизлик қўшимча харажат, ташвиш ва муаммолар олиб келади.
Фуқаролик ишлари бўйича бўйича Бухоро вилояти Ромитан туманлараро судининг 2022 йил 17 июндаги ижро ҳужжатига асосан 3 нафар қарздордан ундирувчи АТБ Капиталбанк “Капитал 24” ЧБФ “Бухоро” Смартбанки фойдасига жами 203 млн 708 минг 856 сўм ундириш, ундирувни қарздорларнинг бирига тегишли бўлган, 2018 йилда ишлаб чиқарилган “MALIBU 2” русумли автомашинага қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Ромитан туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Қарздорликни бартараф этиш учун қарздорларга ихтиёрий муддат берилган. Бироқ ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида гаров мулки ҳисобланган “MALIBU 2” автомашинаси реализация қилиш мақсадида тегишли тартибда хатланди. Кейинчалик электрон аукцион савдоларига чиқарилган.
Бу орада “MALIBU 2” автомашинасига 5 та 6 млн 300 минг сўмлик ИИБ ЙҲХБ жаримаси ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари ҳам иш юритувга келиб тушган.
Бўлиб ўтган электрон аукцион савдоларида “MALIBU 2” автомашинаси 272 млн 525 минг 850 сўмга сотилди. Сотувдан тушган пуллар АТБ Капиталбанк “Капитал 24” ЧБФ “Бухоро” Смартбанки, жарима ва давлат божи қарздорликларини қоплашга йўналтирилди.
Ўйламай қилинган ишлар оқибатида қарздор машинасиз қолди.
Зариф Комилов, ЎзА