Қарздор енгил машинасидан айрилди
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ижро варақасига асосан Термиз шаҳрида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятларининг биридан “Ўзмиллийбанк” АЖ Сурхондарё вилояти филиали фойдасига 285 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланиб, ижрога қаратилди.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими ижро ҳаракатларига киришди. Тадбиркор кредит қарздорлигини белгиланган ихтиёрий вақтда тўлаб берилмагач, жамиятга тегишли “TRACER TRKAT” русумли автотранспорт воситаcи хатловга олинди. Электрон-онлайн аукцион савдосига чиқарилиб, 157 миллион сўмга сотилди. Шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига давлат ижрочисининг қарори билан банд солиниб, ижро қилиш учун инкасса топшириқномаси юборилгач, қарздорлик тўлиқ ундириб олинди.
Шу ўринда айтиш лозимки, тижорат банклари тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун кредит маблағи ажратиб, уларни ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Мазкур маблағни икки томонлама тузилган шартнома шартлари асосида ўз вақтида қайтариш пайсалга солинганида эса тарафлар ўртасида келиб чиққан низо суд томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинаётир.
Бунга “TRACER TRKAT” автомашинасидан ажралган тадбиркор ҳам яққол далилдир. Қарздорлик тўлиқ ундирилгач, МИБ Термиз шаҳар бўлими тадбиркорлик субъектига нисбатан қўллаган барча чеклов чораларини бекор қилиб, ижро ҳужжатини белгиланган тартибда тугатди.
Дадахон Назаров,
МИБ Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси