Қарорлар ўз-ўзидан қабул қилинмайди
Ҳар қандай соҳанинг, тармоқнинг ривожи эътибор билан. Эътибор борки, тараққиёт, ўсиш юз беради. Бунинг ортидан ғалабалар қўлга киритилади. Шу маънода, Ўзбекистон велоспорт соҳасида кейинги 1-2 йил оралиғида ўзига хос ривожланиш кузатилди.
Бу, энг аввало велоспорт мажмуаларини бунёд этиш, борларини тартибга келтириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ички мусобақаларнинг тизимли ўтказишга эришиш, янги-янги велоспорт йўналишларини жорий этиш жиҳатларида яққолроқ кўзга ташланди.
Ўтаётган йил мобайнида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бир қатор веломарофонлар, велосаҳаётлар ўтказилганлиги, кўча ва ҳиёбонларда алоҳида велойўлаклар барпо этилаётганлиги велоспортнинг оммавийлашуви янги босқичга чиқаётганлигини кўрсатмоқда.
Аммо қилинган ишлар, амалга оширилган дастурлар етарлими? Ўзбекистон велоспортчиларини жаҳон майдонларидаги зафарли одимини таъминлаш учун яна қандай ислоҳотларни рўёбга чиқармоқ лозим?
Мазкур саволларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Велоспортни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Республика кенгашининг йиғилишида атрофлича тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда қарор ижросини тўлақонли таъминлашга эришиш учун ҳудудларда селекция ишларини кучайтириш ва ёшларнинг шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш, илмий йўналишни ривожлантириш, ҳудудлардаги моддий-техник базани янада яхшилаш лозимлиги айтилди. Давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағларни мақсадли йўналтириш, профессионал мураббийларни тайёрлаш учун малакали хориж мутахассисларини жалб этиш Ўзбекистон велоспортида халқаро мусобақаларда ютуқларга эришишнинг муҳим пойдевори эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримовнинг билдиришича, велоспортнинг шоссе ва трек йўналишида хорижлик мураббийларни жалб қилиш бўйича ҳозирда Англия, Нидерландия, Германия каби давлатларнинг мутахассислари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Муҳокамалар давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида велоспортни оммалаштириш ишлари самарали кечаётганлиги таъкидланиб, айрим ҳудудларда хусусан, Андижон, Сурхондарё, Сирдарё ва Навоий вилоятларида қарорда белгиланган баъзи вазифалар ўз ижросини топмаётганлиги танқид қилинди.
Мазкур камчиликларни бартараф этиш, режадаги ишларни тизимли олиб бориш, 3 июнь – Бутунжаҳон велосипед кунини кенг нишонлаш, Бўстонлиқ туманида UCI Жаҳон велосипедчилар марказининг Марказий Осиёдаги биринчи филиалини очиш келажакдаги муҳим ишлар эканлиги эътироф этилди.
Қолаверса, спортда ҳам маҳаллабай тизимини жорий қилиш, ёш болалар орасида беговеллардан фойдаланиш тажрибасини давом эттириш, ҳудудларда пиёда ва велосипедлар учун қурилаётган йўлларни кўпайтириш масалаларида атрофлича фикрлар билдирилди. Соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқлар юкланди.
Айтиш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан велоспорт бўйича қабул қилинган қарор ижроси жойларда қандай бажарилаётганлигига эътибор қаратилганлиги, унинг ҳар бир бўғини муҳокама этилганлиги эътирофли ҳолат. Бу сўзсиз, кейинги муваффақиятларга, муҳими, ушбу спорт турининг оммалашишига, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзининг кенг ёйилишига хизмат қилади, албатта.

Бироқ, Президентимиз томонидан жорий йил мобайнида бокс, регби, кураш, шахмат, от спорт каби йўналишларни ривожлантириш борасида қабул қилган қарор ва фармонларининг бажарилиш ҳолати ҳозирда қай ҳолатда?
Мазкур йўналиш мутасаддилари Танзила Норбоевадек, йилда бир марта бўлса-да ўз йўналишларида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб этармикан, деган ҳақли саволлар кенг жамоатчилик томонидан берилиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Зотан, қарорлар ўз-ўзидан қабул қилинмайди. Унинг ортида битта соҳанинг ривожигина эмас, мамлакат тараққиёти, аҳоли саломатлиги, Ватанимизнинг халқаро майдондаги спорт қудрати турганлигини унутмасак бўлгани.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА