Қаловини топсанг қор ҳам ёнади
Қоракўлда кўмир кукунидан ўзига хос усулда брикет тайёрланмоқда.
Баъзан иш жараёнида етказиб берилаётган кўмирнинг сифати, айниқса, кулчанлигига эътирозлар бўлмоқда. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, аҳоли ва ижтимоий соҳа ташкилотларига тарқатилаётган маҳаллий кўмирнинг кулчанлиги 18 фоизни ташкил этади. Бироқ юкланган кўмир истеъмолчига етиб боргунча юклаш-тушириш жараёнларида маҳсулотнинг 20 фоизи кукун ҳолатига келиб қолар экан.



Аммо қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек, кўмирнинг кукинидан ҳам самарали фойдаланса бўлар экан. Мисол учун, айни кунларда туман тиббиёт бирлашмасида махсус дастгоҳ кўмагида кўмир кукунини қайта ишлаш ҳисобидан брикет тайёрланиб, ундан тиббиёт муассасаларида ёқилғи сифатида кенг фойдаланилмоқда.



–Тиббиёт муассасаларининг ўзида ишлаб чиқарилаётган ушбу маҳсулот экологик тозалиги, арзон ва ҳароратни узоқ вақт бир меъёрда сақлаши билан бошқа ёқилғи турларидан сира қолишмайди, –дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Феруз Тонготаров. –Бундай брикетлардан тумандаги газ етиб бормаган тиббиёт пунктларида самарали фойдаланаяпмиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири