Қалбларда Ватанга муҳаббат, дилларда истиқлол ифтихори
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Шуманай туманининг олис ҳудудларидан бирида ўзига хос руҳ ва кўтаринки кайфиятда Ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Тадбир халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо неъмати — истиқлолни улуғлаш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Фестивалда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Шуманай тумани ҳокимлиги ҳамда ҳудуддаги куч тузилмалари раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг олис ҳудудда ташкил этилгани айниқса аҳамиятлидир. Зеро, Ватан туйғуси чегара билмайди, эътибор эса манзил танламайди. Юртимизнинг энг чекка ҳудудларида яшаётган ёшларнинг ҳам қалбида истиқлолга муҳаббат, ҳарбий хизматга қизиқиш ва Ватан ҳимоясидек шарафли бурчга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Фестиваль давомида намойиш этилган замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника кўргазмаси ёшлар учун катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар ва махсус воситалар билан яқиндан танишган ёшлар ҳарбий касбнинг масъулияти, шарафи ва машаққатлари ҳақида тасаввурга эга бўлдилар.
Айниқса, қўл жанги усталарининг маҳорат намойиши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Ҳарбий хизматчиларнинг чаққонлиги, жасорати, жисмоний тайёргарлиги ва мукаммал ҳаракатлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Бу чиқишлар нафақат куч ва маҳорат намойиши, балки ирода, матонат ва интизом инсонни юксак марралар сари етаклашининг ёрқин ифодаси бўлди.
Фестиваль доирасида фахрий қоровул бўлинмасининг саф кўринишлари ҳам намойиш этилди. Ҳарбийларнинг бир маромдаги ҳаракати, юксак интизоми ва ҳарбийча салобати томошабинларда чуқур таассурот уйғотди. Сафдаги ҳар бир қадам ортида Ватанга қасамёд, халқ олдидаги масъулият ва юрт тинчлиги учун фидойилик мужассам эканлиги намоён бўлди.
Тадбирнинг бадиий қисми эса байрамона руҳни янада юксалтирди. Туман ва ҳарбий оркестр жамоаларининг Ватан, истиқлол ва она юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари узоқ ҳудудда яшовчи аҳоли ва ёшлар қалбига ўзгача сурур олиб кирди. Жарангдор куйлар остида янграган Ватан мадҳиялари эл-юртимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига бўлган шукроналик туйғуларини янада жўш урдирди.
Дарҳақиқат, Мустақиллик — бу шунчаки сана эмас, балки халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш ҳуқуқидир. Унинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга муносиб етказиш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчидир.
Бугунги кунда ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она юрт тақдирига дахлдор, жисмонан бақувват ва маънан етук авлод этиб вояга етказиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бормоқда. Шуманай туманининг олис ҳудудида ташкил этилган ушбу фестиваль ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Зеро, Ватан ҳимояси — шараф, унга садоқат — бурч, унинг тинчлиги ва тараққиётига ҳисса қўшиш эса ҳар бир авлоднинг муқаддас масъулиятидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири