Қалбаки акцизли маҳсулотларга қарши кескин чора
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ноқонуний маҳсулотлар айланмасига барҳам бериш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, қалбаки акциз маркалари билан муомалага киритилаётган алкоголь маҳсулотлари нафақат иқтисодиётга катта зарар етказади, балки инсон ҳаёти ва соғлиғи учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Шу боис бундай жиноятларга қарши муросасиз кураш изчил давом эттирилмоқда.
Ана шундай тезкор тадбирлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти Когон шаҳар бўлими ходимлари томонидан амалга оширилди.
Тезкор тадбир давомида “Ф.З.” хусусий корхонаси масъул шахслари томонидан Когон шаҳрининг “Тошмасжид” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган савдо дўконида қалбаки акциз маркалари ёпиштирилган алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилгани аниқланди.
Текширув жараёнида умумий қиймати 22 миллион 800 минг сўмлик, 22 турдаги 259 дона алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қалбаки акциз маркалари қонун талабларини қўпол равишда бузиш билан бирга, маҳсулотнинг келиб чиқиши ва сифати кафолатланмаганини ҳам англатади. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси — қалбаки пул, акциз маркалари ёки қимматли қоғозларни ясаш ва ўтказиш, шунингдек 186¹-моддаси — этил спирти, алкоголли ҳамда тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда иш бўйича тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундай тезкор тадбирлар бозорларда ҳалол рақобат муҳитини сақлаш, давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилиш ва энг муҳими, аҳолини сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Ҳар бир тадбиркор қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият юритиши, ҳар бир харидор эса маҳсулотнинг акциз маркаси ва қонуний келиб чиқишига эътибор қаратиши зарур.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири