Қалам аҳлига юксак эҳтиром кўрсатилди
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Сирдарё вилоятида журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари, нашриёт ва матбаа ходимлари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида байрам тадбири ўтказилди. Бу ижод аҳлига кўрсатилган юксак эътибор мамлакатимизда сўз эркинлиги, очиқлик сиёсати ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Байрам тадбирлари Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида Озарбайжон композитори Узеир Ҳожибековнинг машҳур «Аршин мол олон» мусиқали комедияси намойиши билан бошланди. Санъат ва сўз аҳлини бирлаштирган спектакль иштирокчиларга унутилмас таассурот ва кўтаринки кайфият бағишлади.




Шундан сўнг тантаналар «Фаровон» тантаналар мажмуасида давом этди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан самимий қутлади.


Вилоят раҳбари ўз табригида журналистларнинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини, улар давлат ва халқ ўртасидаги ишончли мулоқотни таъминловчи муҳим куч эканини таъкидлади.
Тадбирда Сирдарё вилоятида илк бор ташкил этилган «Медиа ҳафталик» лойиҳаси ҳам алоҳида эътироф этилди. Беш кун давом этган ушбу медиа майдон журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари, мобилографлар, SMM мутахассислари ва контент яратувчилар учун малака ошириш, тажриба алмашиш ҳамда замонавий журналистика сирларини ўрганишда муҳим майдон бўлди.
Ҳафталик доирасида фактчекинг, медиахавфсизлик, мобил журналистика, стратегик коммуникациялар ва сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Юзлаб соҳа вакилларини бирлаштирган мазкур лойиҳа Сирдарёда замонавий медиа муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.




Тадбир давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тезкор ва холис етказиш, жамоатчилик фикрини шакллантиришда муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари ҳамда ахборот соҳаси вакиллари Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Бугунги байрам биз учун катта эътироф бўлди. Вилоят раҳбарининг «Журналист — халқ ва давлат ўртасидаги кўприк» деган сўзлари ҳар бир ижодкор зиммасидаги масъулиятни яна бир бор ҳис эттирди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Норинисо Қосимова.


Бугун Сирдарё вилояти ахборот маконида 23 та босма нашр, 3 та электрон ахборот сайти, 2 та хусусий нашриёт ва битта илмий журнал фаолият юритмоқда. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони соҳиблари, «Олтин қалам» миллий мукофоти лауреатлари ҳамда иқтидорли ёш журналистлар ҳудуд ахборот макони ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Байрам тадбири вилоят санъаткорларининг дилбар куй-қўшиқлари билан якунланди. Бу кунда янграган самимий табриклар, эзгу тилаклар ва эътирофлар ҳар бир ижодкор қалбида узоқ сақланиши шубҳасиз. Зеро, ҳақиқатни ҳимоя қилиш, халқ дардига қулоқ тутиш ва юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш журналист учун шунчаки касб эмас, балки юксак масъулият, юксак ишонч ва шарафли бурчдир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА