Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз
Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан Нурота тумани “Чуя” маҳалла фуқаролар йиғинида халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий қадриятлар, урф-одатларни ёш авлодга ўргатиш, уларни миллий руҳда тарбиялашга қаратилган “Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз” ғояси остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан тасдиқланган Миллий дастурдаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда маҳаллада истиқомат қиладиган кекса онахонлар, фаол аёллар ва ёшлар иштирок этди.

– Биз бежизга бу тадбирни ўтказиш учун туманимиздаги “Чуя” маҳалла фуқаролар йиғинини танламадик, – дейди Нурота тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулруҳ Бобомуротова. – Ушбу ҳудуд нафақат ўзининг гўзал ва бетакрор табиати, балки миллий урф-одатларимизнинг сақланганлиги ва ҳурмат қилиниши билан ҳам ажралиб туради. Бу ҳудудда яшайдиган ҳар бир пиру-бадавлат отахон, онахонлар ўзлари билган ва ёшликларида кўриб, эшитган қадимий ва бир-биридан гўзал миллий урф-одат ва анъаналаримизни, бой ҳаётий тажрибаларини ёш авлодга ўргатишга, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини янада юксалтиришга шай экани инсонни қувонтиради.

“Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз” ғояси остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда қишлоқ аёллари ёшларга ҳозирга қадар сақлаб қолинган урф-одатлар, ҳунармандчилик юмушларидан ип йигирув, гилам ва олача тўқиш, жун саваш, сўзана тикиш каби ҳунарлар юзасидан маълумотлар бериб, амалда кўрсатиб берди.

Шунингдек, тадбир давомида фольклор жамоаларнинг чиқишлари, миллий либослар намойиши, келин салом маросими ва миллий рақслар йиғилганларга баҳорий кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА