Президентимиз барчани 16-18 июн кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этди
Ўзбекистон глобал ишбилармонлар ҳамжамияти учун ишончли ва барқарор мамлакатдир. Иқтисодиётимизнинг юқори даражада очиқлик сари ҳаракат қилаётгани етакчи рейтинг агентликлари томонидан холис тасдиқланмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида мамлакатимиз Иқтисодий эркинлик индексида яна 14 поғона юқори кўтарилди.
Сўнгги йилларда халқаро бозорларга 16 миллиард долларлик суверен ва корпоратив облигациялар жойлаштирилди. Ўтган ойда Лондон фонд биржасида энг йирик давлат компанияларининг активларини бирлаштирган Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг акциялари биринчи маротаба оммавий савдога чиқарилди.
Капитал бозорини янада ривожлантириш, барқарор молиявий ва инвестициявий платформани шакллантириш мақсадида энг яхши стандартлар асосида ишлайдиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этишга киришилди. Марказнинг махсус ҳуқуқий мақомга ва солиқ имтиёзларига эга экани инвесторларга бизнес юритиш учун қулай восита ва ишончли кафолатларни тақдим этади.
Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз барчани 16-18 июн кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этди. Ушбу анжуман доирасида Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари ва истиқболлари билан бевосита танишиш мумкин бўлади.
ЎзА