Президент ташрифи: илм-фан ва сунъий интеллект тараққиётнинг янги босқичини белгилади
Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида илм-фан, инновациялар ва инсон капитали иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида изчил қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 июнь куни Наманган вилоятига ташрифи ана шу стратегик мақсадларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ташриф давомида ҳудудда амалга оширилаётган йирик инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, маданият ва спорт соҳаларидаги лойиҳалар билан танишилди, вилоятнинг истиқболли тараққиётига доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Айниқса, Наманган вилоятини янги иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳалари ривожланган етакчи ҳудудлардан бирига айлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу ташрифнинг университетимиз ҳаётидаги энг муҳим воқеаларидан бири давлатимиз раҳбарининг Наманган давлат техника университетида ташкил этилган сунъий интеллект илмий лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишгани бўлди. Билдирилган таклиф ва вазифалар олий таълим муассасалари олдида турган устувор мақсадларни янада аниқ белгилаб берди ҳамда жамоамиз зиммасига катта масъулият юклади.
Бугун сунъий интеллект инсоният тараққиётининг энг муҳим драйверларидан бирига айланди. Жаҳонда рақобат устунлиги энди табиий ресурслар ёки ишлаб чиқариш қувватлари билан эмас, балки билим, инновация ва илғор технологиялар билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда мазкур соҳани изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар узоқни кўзлаган стратегик сиёсатнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Университетимизда сунъий интеллект бўйича илмий лаборатория Хитой Халқ Республикасининг илғор тажрибаси ҳамда “Асакабанк” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. У замонавий илмий инфратузилмани шакллантириш билан бирга, таълим, инновация ва технологиялар трансферини қамраб олган яхлит экотизим сифатида ривожлантирилмоқда.
Бугун ушбу тузилмани оддий илмий лаборатория деб аташ унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ифода этмайди. У сунъий интеллект технологиялари, рақамли иқтисодиёт, робототехника, стартаплар, технологиялар трансфери ҳамда амалий тадқиқотларни ўзаро уйғунлаштирган замонавий илмий-инновацион хаб сифатида фаолият юритмоқда.
Хаб таркибида таҳлил марказлари, робототехника ва бионика лабораториялари, стартап-акселератор, сунъий интеллект бўйича махсус тайёргарлик хоналари ҳамда “ақлли аудиториялар” ташкил этилган. Эътиборли жиҳати, унинг фаолияти “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” интеграция модели асосида йўлга қўйилган бўлиб, бу илмий ишланмаларни бевосита ишлаб чиқаришга жорий этиш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бу ерда сунъий интеллект ва робототехника, энергетика, транспорт ва логистика, архитектура ва қурилиш, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология, “ақлли шаҳар” технологиялари ҳамда киберхавфсизлик каби ўндан ортиқ устувор йўналишда тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз мазкур маскан фаолияти билан танишар экан, ушбу тажрибани кенгайтириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини мамлакат тараққиёти йўлида сафарбар этиш ҳамда илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини янада ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу университетимиз олдига аниқ стратегик вазифаларни қўйди.
Энг аввало, сунъий интеллект соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш кўламини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Хаб негизида минглаб талабаларни сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, робототехника ва рақамли технологиялар бўйича ўқитиш, шунингдек, давлат ташкилотлари ҳамда иқтисодиёт тармоқлари мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бирга, халқаро илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Малайзия, Германия, Туркия, Беларус ва Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан профессор-ўқитувчилар тайёрлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.

Келгусида мазкур ҳамкорлик доирасида нуфузли халқаро илмий журналларда мингдан ортиқ мақола чоп этиш, патентлар олиш ҳамда қўшма тадқиқот лойиҳаларини янада кенгайтириш режалаштирилган. Илмий ишланмаларнинг иқтисодиётга таъсирини кучайтириш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Зеро, давлатимиз раҳбари Наманган вилоятини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда ҳар бир илмий иш ва инновацион ғоя амалда натижа бериши, ҳудуд ва тармоқлар тараққиётига хизмат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Бу биздан мутлақо янги ёндашувни талаб этади. Энди ҳар бир тадқиқот ишлаб чиқаришдаги аниқ муаммолар ечимига, ҳар бир инновация эса иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилиши лозим. Шу боис инновацион тадбиркорлик ва стартап экотизимини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Лаборатория негизида ҳар йили 30 дан ортиқ стартап ва прототип яратиш, 2030 йилга қадар эса 100 дан зиёд инновацион лойиҳани қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Бу янги иш ўринлари яратиш, технологик тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ёшларнинг инновацион фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз томонидан Наманган вилоятида “Ақл марказлари” фаолиятини йўлга қўйиш, иқтисодий диагностика тизимини жорий этиш ва янги иқтисодий ўсиш драйверларини шакллантириш бўйича белгиланган вазифалар университетимиз зиммасига ҳам муҳим масъулият юклайди. Олимларимиз ва тадқиқотчиларимиз бу жараёнда фаол иштирок этиб, ҳудуд тараққиётига хизмат қиладиган амалий илмий ечим ва таклифларни ишлаб чиқишга тайёр.
Бугун Наманганда янги тараққиёт муҳити шаклланмоқда. Замонавий халқаро аэропорт, “IT” – парк, йирик инвестиция лойиҳалари, инновацион ишлаб чиқариш қувватлари, рақамли бошқарув тизимлари ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши вилоят иқтисодиётига мутлақо янги қиёфа бағишламоқда.
Университетимиз жамоаси Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишончни амалий натижалар билан оқлашга интилади. Бунинг учун илм-фанни иқтисодиётнинг реал сектори билан янада узвий боғлаш, рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлаш, энг муҳими, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган янги ғоялар, технологиялар ва инновацион ечимларни яратиш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Ойбек Эргашев,
Наманган давлат техника университети ректори,
профессор.
ЎзА