"Президент олимпиадаси" мусобақаларида навбатдаги ғолиблар аниқланди
"Президент олимпиадаси" доирасидаги беллашувларда ёш спортчиларнинг маҳорат ва тайёргарлиги яна бир бор синовдан ўтди. Тўққизинчи кун бир қатор йўналишларда медаллар учун кураш якунланиб, ғолиблар аниқланди. Бадминтон, бадиий гимнастика, таэквондо WT, велотрек ва пара пауэрлифтинг баҳсларида совриндорлар номи маълум бўлди.
Бадминтон бўйича йигитлар ўртасида яккалик баҳсларда Шоҳрух Холматжонов (Наманган) ғолиб бўлди. Азимбек Обидов (Тошкент шаҳри) иккинчи, самарқандлик Сардорбек Арзиев ва тошкентлик Нурасил Ширинбеков учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида эса Рухсора Қурбонбоева (Хоразм) олтин медалга сазовор бўлди. Асем Жолдасбоева (Қорақалпоғистон Республикаси) кумуш, Динара Саидазимова (Жиззах) ва Дилнур Муродуллаева (Бухоро) бронза медалларини қўлга киритди.
Жуфтлик баҳсларида йигитлар ўртасида Наманган, қизлар ўртасида Фарғона, аралаш жуфтликда эса Хоразм вакиллари биринчи ўринни эгаллади. Қолган совринли ўринлар Хоразм, Самарқанд, Андижон, Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро жамоаларига насиб этди.
Бадиий гимнастика бўйича яккалик дастурларида Тошкент шаҳри вакиллари Аиша Енина ва самарқандлик Чинара Тоирова юқори натижа қайд этди. Лента ва тўп билан машқларда Аиша Енина, ҳалқа билан машқда Чинара Тоирова ғолиб бўлди. Булавалар билан машқда эса Султана Ашурова (Бухоро) биринчи ўринни эгаллади. Гуруҳ машқларида 5 та тўп билан Бухоро, 5 та лента билан Нaвoий жамоалари ғолибликни қўлга киритди.

Таэквондо WT бўйича йигитлар ўртасида -33 килограмм вазнда Камрон Саъдиев (Бухоро), -45 килограммда Авазбек Муродов (Фарғона), -61 килограммда Шоҳжаҳон Шодиев (Бухоро) олтин медалга сазовор бўлди. Қизлар ўртасида эса Иродa Зокирова (Бухоро, -33 кг), Эъзоза Шониёзова (Сурхондарё, -44 кг) ва Нозима Тангирова (Жиззах, -59 кг) шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
Велотрек баҳсларида йигитлар ўртасида 2 километр масофага таъқиб пойгасида Денис Тўйчиев (Тошкент шаҳри), спринтда Шоҳрухбек Норимматов (Хоразм) ғолиб бўлди. Қизлар ўртасида эса ушбу дастурларда Тангшолпан Алимбаева (Тошкент вилояти) ва Татьяна Гришина (Тошкент вилояти) биринчи ўринни эгаллади.

Пара пауэрлифтинг бўйича йигитлар ўртасида -65 килограмм вазнда Бунёд Холмуродов, -72 килограммда Жаҳонгир Мирзалиев (иккиси ҳам Тошкент шаҳри), -80 килограммда Элбек Фарҳодов, -88 килограммда Беҳруз Шокирбоев (иккиси ҳам Хоразм), +88 килограммда Азизбек Пердебаев (Қорақалпоғистон Республикаси) ғолиб бўлди. Қизлар ўртасида эса -55 килограмм вазнда Мукаррам Эргашева (Бухоро), -61 килограммда Дилрабо Кўпалбоева (Хоразм), +61 килограммда Фотимажон Ражаббоева (Хоразм) олтин медалларга сазовор бўлди.
“Президент олимпиадаси” ёш спортчиларнинг иқтидорини аниқлаш, уларни саралаш ва юқори натижаларга йўналтириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА