Президент нутқининг мазмун-моҳияти
Андижон вилояти Ахборот-кутубхона марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинарда олимлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.
Семинар очилишида Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Нигорахон Қашқабоева сўз олиб, Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида юртимиз иқтисодий, маънавий, маданий ҳаётига оид илғор ғоя ва ташаббуслар илгари сурилганлиги, қатор вазифалар белгилаб берилганлигини гапириб, уларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш орқали ижросини таъминлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
[gallery-31277]
Маърифат тарғиботчилар жамияти раиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Хусанов ўқув семинарининг мақсади ва аҳамияти ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.
Шундан сўнг Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Семинарда тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг «Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос», Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг «Миллий юксалиш ўн йиллиги: етти миллий дастур яхлит тизим сифатида ва нутқнинг бош ғоялари», фалсафа фанлари доктори Шаҳло Аҳророванинг «Инсон қадри – 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови: эркинлик, билим, соғлиқ ва ёшлар» мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борадаги тарғибот ишларини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Семинар якунида республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган «Ўзбек келаётир, тарих қаъридан» деб номланган видеоролик намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари