“Права” олиб бермоқчи бўлган эди...
Когон шаҳрида “права” олиб бермоқчи бўлган фирибгар қўлга тушди. Маълум бўлишича, у ЙҲХБдаги таниши орқали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериш эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи фуқаро Ҳ.И. фуқаро М.Ф.нинг ишончга кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 400 АҚШ доллари эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилади. Олдиндан 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири