Пойтахтимизда глобал ўзгаришлар ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама марказида
Шу кунларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти томонидан “Think Road Forum 2026” халқаро анжумани ўтказилмоқда. Анжуманда хорижий экспертлар, сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва таҳлил марказлари вакиллари иштирок этмоқда.
“Глобал ўзгаришлар ва минтақавий динамика: Марказий Осиё шаклланаётган халқаро тартибда” мавзусидаги форумда жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимидаги ўзгаришлар, геосиёсий рақобатнинг кучайиши ҳамда бу жараёнларнинг минтақага таъсири муҳокама қилинмоқда.
Дастлабки сессияларда йирик давлатларнинг Марказий Осиёдаги иштироки, Хитой билан иқтисодий алоқалар, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва ташқи савдони диверсификация қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро шерикликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/32343]
Бугунги йиғинда форум доирасида барқарор тараққиёт, иқлим ўзгариши, сув ресурсларини бошқариш, сунъий интеллект ва унинг давлат бошқарувига таъсири каби долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда. Якуний сессияда эса 2030 йилгача Марказий Осиё тараққиётининг эҳтимолий йўналишлари, минтақавий жипслашув ва глобал рақобат шароитида умумий манфаатларни илгари суриш имкониятлари кўриб чиқилади.
“Think Road Forum 2026” глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги ўрни ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим экспертлик мулоқоти майдони бўлмоқда.
Мусулмон Зиё,
Алмурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА