Пойтахтда замонавий сув иншооти қурилади
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини кенгайтириш устувор йўналишлардан бири. Айниқса, инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар доирасида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, ҳукумат делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган расмий ташрифи доирасида қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказилди. Делегацияга Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди. Делегация таркибида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов ҳам иштирок этди.

Ташриф давомида иқтисодиёт, туризм, логистика, рақамли трансформация, инфратузилма ҳамда сув хўжалиги йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Хусусан, сув таъминоти ва оқова сувларни бошқариш соҳасида фаолият юритувчи йирик халқаро оператор – "TAQA Water Solutions" компанияси раҳбарияти билан учрашув алоҳида аҳамият касб этди. Мулоқот чоғида Тошкент шаҳри учун янги оқова сув тозалаш иншоотини барпо этиш лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш, уни жадаллаштириш ҳамда самарали бошқарув механизмларини жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа пойтахт инфратузилмасини тубдан янгилаш, экологик мувозанатни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибани жорий этиш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
Учрашув якунлари томонлар ўртасида ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ва оқова сув хизматлари соҳасида замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш ҳамда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиши билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА