“Полосон” жамоаси вилоят босқичи ғолиби
Андижон шаҳридаги “Бобур арена” стадионида маҳалла ёшлар жамоалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун футбол бўйича ўтказилаётган мусобақанинг Андижон вилояти босқичи финал баҳси бўлиб ўтди.
Маҳалла ёшларини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, миллионлар ўйини – футболни оммалаштириш, футболга қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган мусобақанинг маҳалла, туман, шаҳар босқичларида вилоятдаги барча маҳаллалар жамоалар иштирок этди.

Маҳалла ёшлари жамоалари ўртасидаги мусобақанинг вилоят босқичи финал ўйинида Андижон тумани Полосон маҳалласининг “Полосон” ҳамда Андижон шаҳри Гумбаз маҳалласининг “Гумбаз” жамоалари майдонга тушди.


Финал ўйини олдидан таниқли санъаткорлар иштирокида бадиий дастур намойиш этилди. Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, мутасаддилар мамлакатимизда футболни ривожлантириш, ёшлар ўртасида футболни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, финал иштирокчиларига зафарлар тилади.
Қизғин ва муросасиз кечган финал баҳсида асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди. Пеналтилар сериясида Андижон тумани ёшлари 4:2 ҳисобида ғалабага эришди. Шундай қилиб, “Полосон” жамоаси ДХХ кубоги вилоят босқичи ғолиби сифатида мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.


Мусобақада 3-ўрин учун Булоқбоши туманининг “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Асака тумани Беруний маҳалласи жамоалар ўзаро баҳс олиб борди. Учрашувда булоқбошилик ёшлар 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Вилоят босқичи финал ўйинидан сўнг ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, ДХХ кубоги учун мини футбол бўйича вилоят босқичи қизлар жамоалари ўртасидаги мусобақа ғолиблари – Избоскан, Улуғнор, Шаҳрихон туманлари ҳамда ўғил болалар ўртасидаги ғолиблар – Пахтаобод, Избоскан, Асака туманлари жамоаларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Барча мусобақалар ғолиб ва совриндор жамоалари кубок, тегишли медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари