Покиза Аҳмадбекова ва Маржона Пардабоева — жаҳон чемпионлари
АҚШнинг Алабама штати Хантсвилл шаҳрида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтаётган жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли бошланди.
Мусобақанинг дастлабки кунидаёқ вакилларимиз икки бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. H1 классида иштирок этган Покиза Аҳмадбекова белгиланган масофани рақибларидан олдинроқ босиб ўтиб, жаҳон чемпионлиги унвонини қўлга киритди. Унинг ғалабаси Ўзбекистон делегацияси учун чемпионатдаги дастлабки олтин медални тақдим этди.
Кўп ўтмай, T1 классида старт олган Маржона Пардабоева ҳам муносиб натижа қайд этиб, марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Шу тариқа, у ҳам жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Бир куннинг ўзида икки спортчимиз жаҳон чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилди. Покиза Аҳмадбекова ва Маржона Пардабоеванинг бу натижаси Ўзбекистон пара велоспорти тарихидаги навбатдаги муҳим ютуқ сифатида қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА