Пилот лойиҳалар орқали мижозларга қулай ва тезкор хизматлар кўрсатилади
Марказий банкда финтех стартаплар ва тижорат банклари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда истиқболли рақамли ечимларни банк амалиётига жорий этиш, инновацион хизматларни ишлаб чиқиш ва пилот лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир Президентимизнинг 2026 йил 11 февралдаги “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Унда финтех стартаплар ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида 7 та финтех стартап ўзининг инновацион маҳсулот ва хизматларини тақдим қилди. Хусусан, кичик бизнес учун рақамли факторинг, маркетплейс ва логистика бошқаруви, бир нечта банк карталарини ягона платформадa жамлаш, харажатларни бўлишиш хизмати, сунъий интеллект (AI) сервисларини хавфсиз интеграция қилиш, транзакцион маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда шахсий бюджетни бошқаришга қаратилган замонавий ечимлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Муҳокамалар жараёнида стартаплар ва тижорат банклари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, айрим инновацион ечимларни банк тизимига интеграция қилиш ҳамда истиқболли йўналишларда пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик банк хизматларини янада қулай, тезкор ва мижозларга йўналтирилган шаклга келтиришга хизмат қилади. Шунингдек, финтех соҳасида янги маҳсулотларни амалиётга жорий этиш ва рақамли молиявий хизматларни кенгайтириш учун муҳим имконият яратади.

Марказий банкда ўтказилган мазкур очиқ мулоқот мамлакатда финтех экотизимини ривожлантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва банк соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА