Педагогларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 175-сон қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, таълим ташкилотида меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслар учун қуйидаги давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилиши белгиланди:
– кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари;
– муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари;
– умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш бўйича давлат хизматлари;
– тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топширишга рухсат бериш бўйича давлат хизматлари;
– расмий ҳужжатларга апостил қўйиш бўйича давлат хизматлари ва бошқалар.
Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директор ва директор ўринбосарлари 5 йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган менежерлик ўқув курсларида ўқитилиши белгиланди.
Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлардаги ўқувчиларни ўқишдан четлаштириш, бошқа йўналишга ўтказиш ва ўқувчилар ўқишини кўчириш тартиби белгиланди.
ЎзА