«Пахтакор» ва «Нефтчи»нинг Элит Осиё чемпионлар лигасидаги рақиблари аниқланди
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси Элит мусобақасининг 2026/27 йилги мавсуми Ғарб минтақаси лига босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон футболининг афсонаси Одил Аҳмедов ҳамда Япония футболининг таниқли вакили Ясуши Эндо махсус иштирокчи сифатида қатнашди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг «Пахтакор» ва «Нефтчи» клублари мусобақанинг лига босқичида Осиёнинг кучли жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
«Нефтчи» ўз майдонида «Ал Ҳилол» (Саудия Арабистони), «Ал Аҳли» (Саудия Арабистони), «Эйр Форс» (Ироқ) ва «Ал Иттиҳод» (Саудия Арабистони) клубларини қабул қилади. Фарғона жамоаси сафарда «Ал Насср» (Саудия Арабистони), «Истиқлол» (Эрон), «Трактор» (Эрон) ҳамда «Ал Қодисия» (Саудия Арабистони) билан куч синашади.

«Пахтакор» эса ўз майдонида «Истиқлол», «Ал Насср», «Трактор» ва «Ал Қодисия» жамоаларига қарши ўйнайди. Тошкент клубининг сафардаги рақиблари «Ал Аҳли», «Эйр Форс», «Ал Ҳилол» ва «Ал Иттиҳод»дан иборат бўлади.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг икки етакчи клубини Осиё футболининг грандлари — «Ал Ҳилол», «Ал Насср», «Ал Аҳли» ва «Ал Иттиҳод»га қарши муросасиз баҳслар кутмоқда.
Чемпионлар лигаси Элит мусобақасининг лига босқичи доирасида ҳар бир жамоа саккизта учрашув ўтказади. Натижаларга кўра энг яхши жамоалар кейинги босқичга йўл олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА