Патент божларини олдиндан 5 йил учун тўлаш имконияти яратилади
Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда интеллектуал мулк соҳасини тизимли ислоҳ қилиш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоялаш борасида қатор амалий саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилган. Шу билан бирга, интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазасини янада кучайтириш, тизимни такомиллаштириш талаб этилади. Зеро, бирор йўналишда муайян ихтиро яратиш, унга патент олиб, амалда қўллаш кичик меҳнат эмас.
Амалдаги тартибга кўра, ихтиро патенти патент бериш ҳақидаги талабнома топширилган санадан эътиборан ҳисоблаганда 20 йил мобайнида, саноат намунаси патенти 10 йил мобайнида, фойдали модель патенти 5 йил мобайнида амал қилади.
Патентларнинг амал қилишини сақлаганлик учун давлат божи талабнома берилган санадан бошлаб ҳар йили тўланади. Агар патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божи тўланмаса, патентнинг амал қилиши патент божи тўланмаган кундан эътиборан тугатилади.
Ҳар йили ҳуқуқ эгалари томонидан патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божини тўламаслик оқибатида патентларнинг амал қилиши тугатилмоқда. Бунга кўп ҳолларда ҳуқуқ эгалари патентни ўз кучида сақлаб турганлик учун патент божини ҳар йили тўлаш кераклигини билмаслиги ёки унутиб юбориши сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, 2022 йилда 377 та, 2023 йилда 418 та, 2024 йилда 352 та ва 2025 йилда 526 та ихтиро патент божини тўламаслик оқибатида патентларнинг амал қилиши тугатилган.
Парламент қуйи палатасида маромига етказилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш ва инновацион маҳсулотлар яратиш учун қулай шароитларни шакллантиришга қаратилган.
Лойиҳага кўра, патентларни ўз кучида сақлаш учун божларни олдиндан ёки патентнинг умумий амал қилиш даври учун бирйўла тўлаш имконияти яратилмоқда. Бундай тўловларга чегирмалар қўллаш ҳамда давлат божи миқдорларини прогрессив ўсиш тартибида белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг асар ошкор қилинганидан 10 йил муддат ўтгач автоматик равишда муаллифга ўтишига доир қоидани бекор қилиш орқали томонларнинг келишувига устувор аҳамият бериш назарда тутилмоқда. Бу инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда инновацион маҳсулотлар яратиш жараёнида ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга бевосита судга тўғридан тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар интеллектуал мулк объектларини муҳофаза ва ҳимоя қилиш тартибларини такомиллаштиришга, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга, тадбиркорлар учун бозорга кириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА