Партия фаолияти сарҳисоб қилинди
Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Экологик Партияси Сирдарё вилояти Кенгаши 2025 йилда амалга оширилган ишлар натижаларини сарҳисоб этди ва 2026 йилдаги устувор вазифалар ва йўналишларни атрофлича муҳокама қилди.
Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, айниқса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Президентнинг 2025 йил 30 январдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда «Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси партия фаолиятида амалий йўл харитаси вазифасини бажарди. Ушбу ҳужжатлар Сирдарёда экологик тадбирларни тартибга солиш, жойлардаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли орасида экологик маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Натижада партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тизимли ва манзилли ишлар олиб борилди. Партия сафлари кенгайиб, аъзолар сони 22 минг 729 нафарга етди, ҳудудларда 126 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткичлар жойларда партиянинг ижтимоий таъсир доираси кенгайганини ва аҳоли орасида экологик ғояларга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.

Экологик муаммоларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида экологик онг ва маданиятни юксалтириш ҳамда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 526 та тарғибот ва маърифий тадбир ташкил этилди. Бу тадбирлар орқали аҳоли ҳамда маҳаллий фаоллар экологик масалаларда фаол иштирок этишга кенг жалб этилди.

Ҳозирда партиядан Сирдарё вилояти бўйича 5 нафар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда 32 нафар туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ташаббуси ва бевосита иштироки билан жойларда 720 та экологик рейд, 264 та жамоатчилик назорати тадбирлари ва 112 та жамоатчилик эшитувлари ўтказилди. Бу тадбирлар орқали экологик қонунчиликнинг амалий ижроси, чиқиндиларни бошқариш ва яшил ҳудудларни сақлаш ҳолати мунтазам мониторинг қилинди.

Партия фаолиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ҳисобот даврида партия фаолияти 3 минг 622 маротаба республика ва маҳаллий ОАВ ҳамда интернет нашрларида ёритилди. Бу эса кенгаш йиғилишида яна бир бор эътироф этилди.
ЗООМ платформаси орқали иштирок этган Ўзбекистон Экологик Партияси Марказий Кенгаши аъзолари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилдора Камолова келгусида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда аҳолида экологик маданиятни янада юксалтириш йўналишларида партия фаолиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
Анжуман якунида 2025 йил давомида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, самарали иш олиб борган Халқ депутатлари ҳамда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири