Парламент комиссияси тузилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ҳамда Сенати кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги қўшма қарорига асосан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилиб, регламенти тасдиқланди.
Парламент комиссияси тузишдан асосий мақсад инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича миллий ҳаракат режаларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, бу йўналишда парламент, ҳуқумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, инсон ҳуқуқлари масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларига мувофиқ миллий ҳаракат режаларининг бажарилишини тизимли мониторинг қилиш комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузаларни БМТнинг устав органлари ва қўмиталарида кўриб чиқиш якунлари муҳокамаларини ташкил этиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ушбу комиссия раиси этиб тайинланди.
ЎзА