Озодбек Назарбековдан сабоқлар
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг продюсерлик йўналишида таълим олаётган 2-курс талабаларига дарс ўтди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, О.Назарбеков дастлаб продюсерлик соҳаси тўғрисида маълумот берди.
– Продюсер, аввало, универсал бўлиши керак, – деди О.Назарбеков. – У шунчаки санъатга пул тикувчи, маблағи бор одам эмас, балки узоқни кўра оладиган тадбиркор, соҳани яхши тушунадиган, дунёқараши, фикрлаш доираси кенг, ташкилотчи, тез ва тўғри қарор қабул қиладиган шахс бўлиши лозим. Шу билан бирга у фақат ўзини ўйлайдиган эмас, балки бутун жамоа учун қайғурадиган, санъатни, тарихни, адабиётни яхши биладиган, илмли инсон бўлиши зарур. Чунки у санъаткорнинг ижодини оммалаштиради, дунёга танитади. Ўзбек санъатига бугун ана шундай профессионал продюсерлар керак.
Бундан ташқари, вазир соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ҳам фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
ЎзА